Божхона божини тўлашда имтиёзлар берилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётига даҳлдор бўлган муҳим қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.
Дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳасида божхона божидан озод этиш тарзидаги тариф имтиёзлари қандай тартибда берилиши бўйича аниқлик киритилди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган спорт кийимлари, ашёлари, оёқ кийимлари, спорт анжомлари, жиҳозлар ҳамда ускуналарни Миллий олимпия ва паралимпия қўмиталари, олимпия ҳамда паралимпия спорт турлари бўйича федерациялар таклифига асосан Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан шакллантирилган рўйхат асосида давлат ҳамда нодавлат спорт-таълим ташкилотлари томонидан ўз эҳтиёжлари учун хориждан импорт қилинганда божхона божини тўлашда 50 фоизга қадар имтиёз берилиши белгиланмоқда.
Йиғилишда фракция аъзолари қонун лойиҳасини кўриб чиқиш чоғида партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини, таклиф ва тавсияларини билдирди.
Узоқ давом этган савол-жавоблардан сўнг, депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат ва нодавлат спорт-таълим муассасаларида олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича спортчиларни тайёрлаш ва уларни давлат томонидан қўллаб-қувватланишига эришилишини эътиборга олиб, уни маъқулладилар.
Фракция йиғилишида кун тартибига киритилган масалалар депутатлар томонидан атрофлича кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг