Бўстонлиқда Акбар Жўраев номидаги спорт мактаби очилди

10:19 26 Март 2026 Спорт
231 0

Тошкент вилоятида спорт инфратузилмасини ривожлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб этиш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самараси ўлароқ яна бир замонавий спорт иншооти фойдаланишга топширилди.

Бўстонлиқ тумани «Сойлиқ» маҳалласида барпо этилган, Олимпиада чемпиони, уч карра жаҳон чемпиони ва жаҳон рекордчиси Акбар Жўраев номи билан аталган спорт мактабининг тантанали очилиш маросими кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, Спорт вазири Адҳам Икрамов, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, спорт соҳаси фахрийлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мазкур спорт мажмуаси Республика касаба уюшмалари федерацияси томонидан 25 миллиард сўм маблағ эвазига бунёд этилди. Замонавий лойиҳа асосида қурилган ушбу спорт мактаби 30 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда ёш спортчилар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган.

Хусусан, спорт мактаби ҳудудида қулай ётоқхона ва ошхона, мини стадион, сауна, замонавий жиҳозланган оғир атлетика зали, ўқув хоналари, ёпиқ турдаги бассейн, шунингдек мураббийлар учун алоҳида хизмат хоналари мавжуд.

— Акбар Жўраев номи билан аталган спорт мактабининг очилиши рамзий маънога эга. Чунки у ўзининг матонати, куч-ғайрати ва юксак натижалари билан нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон спорти тарихида муносиб ўрин эгаллаган спортчи ҳисобланади. Унинг номи билан аталган маскан ёшлар учун катта мотивация мактаби, ҳақиқий чемпионлар етишиб чиқадиган маскан бўлиши шубҳасиз, — дейди Тошкент вилояти Спорт бошқармаси масъул ходими Дилрабо Жуманова.

Мазкур спорт мактаби ёшларни спортга кенг жалб этиш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, уларни профессионал даражада тайёрлаш ҳамда юртимиз спорти шаънини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қиладиган янги чемпионларни тарбиялашда муҳим ўрин тутади.

Энг муҳими, бундай замонавий спорт иншоотлари ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришга хизмат қилади.

Шу боис, ушбу спорт мактабининг иш бошлаши нафақат Бўстонлиқ тумани, балки бутун Тошкент вилояти спорт ҳаётидаги муҳим воқеа бўлди.

Отабек ИСРОИЛОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер