Бош вазир ўринбосари инвесторларга субсидия сертификатларини топширди
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов уч меҳмонхона раҳбариятига субсидия сертификатларини топширди.
Инвесторларга 1 маротабалик 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун — 40 миллион сўм, 4 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 65 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилиши ҳақида маълум қилинган эди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 майдаги «Меҳмонхона хўжалиги фаолиятини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 433-сон қарори билан тасдиқланган «Инвесторларга янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун субсидия ажратиш ҳамда ташкилотлар франчайзинги тўғрисидаги шартнома асосида қисман молиялаштириш учун Давлат бюджетидан маблағ ажратиш тартиби ҳақидаги» Низомга мувофиқ, Ўзбекистонда тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш, инвесторларни қўллаб-қувватлаш ва соҳа ривожини янада жадаллаштириш мақсадида қуйидаги тадбиркорлик субъектларига субсидиялар ажратишга доир тегишли қарорлар қабул қилинди:
«Gabriyelle Invest» масъулияти чекланган жамиятига Тошкент шаҳрида 50 хонали 3 юлдуз тоифасидаги жойлаштириш воситасини қуриб фойдаланишга топширганлиги учун 2 000 000 000 (икки миллиард) сўм;
«Regal Stay Hotel» МЧЖга Тошкент шаҳрида 74 хонали 3 юлдуз тоифасидаги жойлаштириш воситасини қуриб фойдаланишга топширгани учун 2 960 000 000 (икки миллиард тўққиз юз олтмиш миллион) сўм;
«Avesta Technologiyes» МЧЖга «Courtyard by Marriot» бренди остида Тошкент шаҳрида 131 хонали 4 юлдуз тоифасидаги жойлаштириш воситасини қуриб фойдаланишга топширганлиги учун 8 515 000 000 (саккиз миллиард беш юз ўн беш миллион) сўм миқдорда субсидиялар ажратилди.
Шунингдек, «Avesta Technologiyes» МЧЖга «Courtyard by Marriot» бренди остида Тошкент шаҳрида 131 хонали 4 юлдуз тоифасидаги жойлаштириш воситасини қуриб фойдаланишга топширганлиги учун 52 400 (эллик икки минг тўрт юз) АҚШ доллари миқдорида субсидия ажратилди.
Ушбу субсидия юқоридаги қарор доирасида ташкилотларни қисман молиялаштиришнинг 4 юлдузли тоифага эга бўлган дастлабки 30 меҳмонхона — ҳар бир меҳмонхонанинг битта хонаси учун йиллик 400 АҚШ доллари эквивалентида амалга оширилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг