Бош прокуратура томонидан Тошкент вилоятида Президент қарорлари ижроси ўрганилмоқда

22:24 04 Апрель 2026 Сиёсат
533 0

Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигида Президентнинг 2026 йил 5 январдаги ПҚ-1 ва ПҚ-2-сонли қарорлари ижросини таъминлаш юзасидан Тошкент вилоятида комплекс ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Ўрганишлар доирасида Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби аъзолари, Олий таълим, фан ва инновациялар, Ички ишлар ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари масъуллари, шунингдек ҳуқуқ-тартибот идоралари таълим ва илмий муассасалари раҳбарлари Қибрай туманида жойлашган Тошкент давлат аграр университетига ташриф буюрди.

Ташриф доирасида университетдаги таълим жараёни, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолият билан яқиндан танишилди. Шунингдек, “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ўтказилиб, унда 500 нафардан ортиқ талаба иштирок этди. Учрашувда ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди, қарорлар ижросида фаол иштирок этган 10 нафар талаба рағбатлантирилди.

Штаб аъзолари университет ҳудудида барпо этилган замонавий “Ренессанс” маърузалар мажмуаси билан ҳам танишиб, ёшлар учун яратилган имконият ва имтиёзлар, уюшмаган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларни синов ва имтиҳонларга тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр алмашди.

Жараён давомида профессор-ўқитувчилар ва иқтидорли талабалар томонидан ишлаб чиқилган стартап лойиҳалар, илмий-инновацион ишланмалар ҳамда амалий аҳамиятга эга ғоялар тақдим этилди.

Шу билан бирга, университетда талабалар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва ижтимоий барқарор муҳитни мустаҳкамлаш мақсадида фаолият юритаётган “Қалқон” жамоатчилик гуруҳи иши ҳам ўрганилиб, тегишли кўрсатмалар берилди. Ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер