“Боқий Бухоро” туризм этнопарки лойиҳаси концепцияси ишлаб чиқилди
Бухоро шаҳридаги “Wyndham Bukhara” меҳмонхонаси мажлислар залида воҳанинг маданий-этнографик ва меъморий ўзлигини сақлаш ҳамда уни халқаро ҳамжамиятга янада кенг таништириш чора-тадбирларга доир тақдимот ўтказилди.
Оммавий ахборот воситалари ходимлари билан бир қаторда депутатлар, тадбиркорлар, нуронийлар, сайёҳлик, спорт, экология соҳалари ходимлари, давлат ташкилотлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбир аввалида вилоят ҳокими Б. Зарипов иқтисодий-ижтимоий жабҳаларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича сўз юритиб, туризм йўналишидаги имкониятлар хусусида тўхталди ва “Боқий Бухоро” туризм этнопарки лойиҳаси концепцияси ишлаб чиқилганини маълум қилди.
Таъкидланишича, бу этнопарк 32,6 гектар майдонни эгаллайди, шунинг 23 гектарини яшил зона ташкил этади. Мазкур лойиҳа Бухоронинг сайёҳлик салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бу ўринда гап аввало, кўҳна шаҳарга ташриф буюрадиган меҳмонлар ҳамда маҳаллий аҳолига қулайликлар яратиш ҳақида бормоқда. Зеро, Бухоро туризмни ривожлантириш борасида жуда катта имкониятга эга. Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан шаҳардаги қирқдан зиёд қадимий ёдгорликларда реставрация, қайта тиклаш ишлари олиб борилаётганини, бу мақсад учун 160 миллиард сўм ажратилганини таъкидлаш жоиз.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими ўринбосари Б. Шаҳриёровнинг маълумот беришича, Бухорога хорижий туристлар оқими кескин кўпайиши кузатиляпти. Масалан, 2023 йилда 1 миллион 387 минг хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Ваҳоланки, 2016 йил якунида бу кўрсатгич 169, 6 минг нафарни ташкил этган эди. Етти йил аввал соҳада 3,5 минг киши ишларди, эндиликда эса улар сони 52 минг кишига етди. Меҳмонхоналар сони эса тўрт бараварга кўпайди. Вилоятга хорижий сайёҳлар сонини 2030 йилга бориб 5 миллион нафарга етказиш кўзда тутилмоқда. Бу эса инфратузилмани жадал ривожлантиришни тақозо этади.
Шундан келиб чиққан ҳолда тўпланганларга халқ депутатлари вилоят Кенгаши муҳокамасидан ўтказилган “Боқий Бухоро” этнопарки лойиҳаси ҳақида атрофлича маълумот берилди. У қадимий шаҳарга ёндош ҳудудда барпо этилади. Бошқача айтганда, Бухоро тарихий марказининг мантиқий давоми вазифасини ўтайди.
— Этнопарк туристларни аэропорт ва темир йўл вокзалидан тарихий марказга қулай ҳаракатланиш имконини яратади, — деди жумладан вилоят ҳокими ўринбосари. — Танланган ҳудудда жойлашган маъмурий биноларда фаолият юритувчи давлат ташкилотлари биноларини бошқа жойга кўчирилиши натижасида транспорт тирбандлиги масаласи ҳал бўлади, туристлар ва аҳоли учун янги сайлгоҳ юзага келади. Туристларни шаҳримизда қолиш вақтини узайтириш имкони туғилади, концерт, театрлашган томошалар, симпозиум, форум, ярмарка ва турли учрашувлар ўтказиш учун янги майдон пайдо бўлади. Ҳунармандчилик, савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишларида имкониятлар кенгаяди, минглаб ишчи ўринлари яратилади.
Ўз навбатида Бухоро туманининг шаҳарга туташ “Боғидашт” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Янги Ўзбекистон” боғи барпо этиш режаси тузилган. Шу боғ билан туташ жойда халқаро андазаларга жавоб берадиган замонавий ўйингоҳ барпо этилади. Шаҳардаги иккита йирик спорт объекти қурилиши ҳам поёнига етмоқда. Бинобарин, ўрнини этнопарк эгаллаши кутилаётган ҳозирги стадион ва бошқа объектлар масаласида хавотирга ўрин йўқ.
Тадбирда бир гуруҳ фаоллар, нуронийлар мазкур лойиҳа ҳақида ижобий фикр-мулоҳазалар билдириб, ўз таклифларини ўртага ташладилар. Оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан берилган саволларга масъуллар томонидан батафсил жавоб берилди.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг