Бойсунда Ҳайкинг туризм хизмати ташкил этилди

14:54 16 Апрель 2024 Жамият
541 0

Фото: "Халқ сўзи"

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи»). «Бойсун баҳори« халқаро фольклор фестивали ташкилотчилари бу йилги тадбир ўзгача руҳда ўтишини ваъда қилишмоқда.

Шу йилнинг 1–7 май кунларида Бойсун туманида бўлиб ўтадиган «Бойсун баҳори« халқаро фольклор фестивалига айни пайтда қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Ушбу йирик халқаро фольклор фестивали Сурхон воҳасининг туризм имкониятларини яна бир бор дунёга кўз-кўз қилишга яхши имконият бўлаётир. Буни яхши англаган вилоят мутасаддилари мазкур тадбирга пухта ҳозирлик кўришмоқда. Жумладан, фестиваль ўтказиладиган тумандаги «Бибиширин» маҳалласида замонавий туризм мажмуаси қад ростламоқда. Хорижлик ва маҳаллий сайёҳларга замонавий хизматлар кўрсатиш нуқталари барпо этилмоқда. Термиз шаҳри, туманлар ва вилоят ташкилот, корхона, муассасаларига ажратилган қўрғонларда ҳам йирик ҳажмдаги бунёдкорлик-ободонлаштириш ишлари жадал олиб борилиб, пиёдалар йўлакчалари ва бошқа инфратузилма иншоотларида сўнгги пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Миллий қадриятларимизни ўзида мужассам этган ўтовлар ўрнатилмоқда.

«Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивали доирасида «Ситораи Дарбанд» МЧЖ томонидан Бойсун туманида Ҳайкинг (Hiking) туризм хизмати ташкил этилди.

— Туманнинг «Темир дарвоза» маҳалласида ушбу туризм хизматини ташкил қилишдан мақсад Бойсуннинг сўлим гўшалари, туристик объектлари бўйлаб пиёда саёҳатларни уюштиришдан иборат, — дейди «Ситораи Дарбанд» МЧЖ иш бошқарувчиси Шаҳризод Холмирзаев. — Дастлабки пиёда саёҳат «Дарбанд – Мачай – Тангисар» даралари бўйлаб 10 км. масофада ташкил этилади. Бу — табиат қўйнига чиқишни, баҳор гўзалликларию тоғ дараларининг мафтункор манзарасидан баҳра олишни, «Хўжамайхона» булоғининг шифобахш сувидан баҳраманд бўлишни истаганлар учун ажойиб имконият.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер