БМТ: «Коронавирус туфайли дунёда яна 176 млн киши қашшоқлашиши мумкин»
Коронавирус пандемиясининг дунёда қашшоқлик даражасининг ўсишига таъсири кучайишда давом этмоқда, энг ёмони ҳали олдинда. Бу ҳақда 11 сентябрь куни БМТ маърузасига таяниб The Guardian хабар берди.
БМТнинг қашшоқлик ва инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Оливе де Шуттернинг айтишича, агар бир кунлик яшаш учун зарур миқдор ўртача 3,2 доллар деб олинадиган бўлса, дунёда 176 миллион киши қашшоқлар қаторига қўшилиши мумкин.
У пандемиянинг иқтисодий оқибатлари тинчлик даврида мисли кўрилмаганлигини таъкидлаб, вазиятни 30 йиллардаги Буюк депрессия билан таққослади.
Унинг айтишича, турли мамлакатларда давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида камчиликлар бор ва у қисқа муддатли характерга эга, ажратилган маблағлар эса етарли эмас. Оқибатда кўплаб фуқаролар расмийлар эътиборидан четда қолиб кетмоқда. Шунингдек, кўпчилик одамлар компьютер саводсизлиги ёки интернетга кириш имконияти йўқлиги сабабли ҳукуматнинг ёрдам дастурларидан фойдалана олмаётганини қўшимча қилган.
Оливе де Шуттер, шунингдек, сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеясида йиғиладиган дунё раҳбарларига қашшоқликни йўқ қилиш ва дунёдаги тенгсизликни камайтириш учун янада қатъий қадамлар кўришга чақирди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг