БМТ Европа Иқтисодий Комиссияси билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Фото: Халқ сўзи
Хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазири А. Абдухакимов шу кунларда Италия пойтахти Рим шаҳрида атроф-муҳит ва сув ресурслари бўйича ўтказилаётган «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» юқори даражадаги 7-конференциясида иштирок этмоқда.
Ушбу конференция доирасида А.Абдухакимов БМТ Европа Иқтисодий Комиссиясининг Атроф-муҳит масалалари бўйича департаменти директори Марко Кайнер билан учрашув ўтказди.
Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар. Хусусан, Ўзбекистонда атроф-муҳит ҳолати бўйича 2019-2023 йилларга мўлжалланган Миллий ҳисоботни тайёрлаш истиқболлари бўйича фикр алмашилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистонда атроф-муҳит ҳолати бўйича Миллий ҳисоботни ишлаб чиқиш методологияси бўйича кириш семинар-тренинги бўлиб ўтган эди.
Семинарда таъкидланганидек, мазкур Миллий ҳисобот атроф-муҳит ҳолати ва унинг ўзгариши тенденцияларини баҳолаш имконини берувчи экологик кўрсаткичларга асосланган асосий ахборот маҳсулидир.
БМТ томони Ўзбекистоннинг БМТ Европа Иқтисодий Комиссиясининг экологик конвенцияларига қўшилиши учун Европанинг илғор тажрибасидан фойдаланган ҳолда норматив-ҳуқуқий база ва институционал салоҳиятни мустаҳкамлашнинг барча босқичларида ҳар томонлама ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазири А. Абдухакимов БМТ Европа Иқтисодий Комиссиясининг Атроф-муҳит масалалари бўйича департаменти директорига фаол ҳамкорлик учун миннатдорлик билдириб, жорий йилнинг октябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган БМТ Чўлланишга қарши курашиш конвенциясининг бажарилишини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-йиғилиши ҳамда БМТ Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенциясининг 14-томонлар конференцияси (CMS COP-14)да иштирок этишга таклиф қилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг