БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессияси кундалиги: Гутерриш қазиб олинадиган ёқилғи компаниялари фойдасига солиқ солишга чақирди
Фото: Reuters
Ривожланган мамлакатлар қазиб олинадиган ёқилғиларни қазиб олувчи компанияларга солиқ жорий этиши ва тушумни иқлим ўзгаришидан жабрланган мамлакатларга жўнатиши керак. Бу ҳақда сешанба куни БМТ Бош Ассамблеясининг юқори даражадаги ҳафталигининг очилишида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш маълум қилди.
«Дунёмиз қазиб олинадиган ёқилғига боғлиқ. Энди аралашиш вақти келди. Биз қазиб олинадиган ёқилғи компаниялари ва уларга ёрдам берадиганларни ҳисобда тутишимиз керак. Буларга иссиқхона газлари эмиссиясига сармоя киритишда давом этаётган банклар, компаниялар эгалари ва бошқа молиявий институтлар киради. Бу, шунингдек, ушбу компанияларни ҳимоя қилиш орқали миллиардлаб даромад келтирадиган улкан жамоатчилик билан алоқалар соҳасини ўз ичига олади. Ўн йиллар олдин тамаки компанияларида бўлгани каби, лоббистлар зарарли нотўғри маълумотларни тарқатмоқда», деди у.
Унинг қўшимча қилишича, эътиборни қазиб олинадиган ёқилғи ишлаб чиқарувчилари, инвесторлар ва уларнинг тарафдорларига қаратишнинг вақти аллақачон ўтган.
«Бугун мен барча ривожланган иқтисодиётларни қазиб олинадиган ёқилғи компанияларининг қисқа муддатли фойдасига солиқ солишга чақираман. Бу маблағлар икки мақсадда ишлатилиши мумкин: иқлим ўзгаришидан жабр кўрган давлатлар, озиқ-овқат ва энергия нархлари ошишига дуч келган одамларга», дейди Гутерриш.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессияси ўз ишини бошлади.
Анжуман ташкилотнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Умумий мунозаралар билан бошланди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этмоқда. Ўзбекистон делегацияси раҳбари 24 сентябрь куни сўзга чиқади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг