БМТ 2021 йилда гуманитар ёрдамга муҳтож бўлувчи одамлар сонини маълум қилди

23:12 01 Декабрь 2020 Дунё
1183 0

2021 йилда дунё бўйлаб 235 миллион одам озиқ-овқат ва бошқа гуманитар ёрдамларга муҳтож бўлади.

Бу ҳақда “Associated Press” БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш идораси (ГММИ)га асосланиб хабар берди.

Таъкидланишча, жорий йилда, БМТ ҳисоботига кўра, ҳар 45-чи аҳоли ёрдамга муҳтож бўлган бўлса, келаси йилда гуманитар ёрдам Ернинг ҳар 33-чи аҳолисига керак бўлади. Бундан келиб чиқадики, ёрдамга муҳтож одамлар сони деярли 40 фоизга кўпайган. Ушбу тенденция эса CОVID-19 пандемияси, маҳаллий можаролар, мажбурий миграция ҳамда глобал исиш оқибатлари каби бир қатор омилларга боғлиқ бўлиб қолмоқда.

ГММИ тахминларига кўра, дунё бўйлаб 160 миллион кишини гуманитар қўллаб-қувватлаш учун ташкилот ва унинг шерикларига 35 миллиард доллар керак бўлади. Бу 2020 йилда халқаро гуманитар ёрдам учун ажратилган рекорд даражадаги 17 миллиард доллардан икки баравар кўпдир.

«1990-йиллардан буён биринчи марта ўта қашшоқлик даражаси кўтарилади, умр кўриш давомийлиги пасаяди, ОИВ, сил ҳамда безгакдан ҳар йили вафот этувчилар сони икки бараварга ошади. Шунингдек, очлик хавфи остида бўлган одамлар сони қарийб икки баравар кўпайишидан ҳам қўрқмоқдамиз», дея маълум қилди ГММИга раҳбарлик қилаётган БМТ гуманитар миссияси раҳбари Марк Лоукок.

Ўз навбатида, БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш ҳам CОVID-19 пандемиясининг таъсири тобора ёмонлашиб бораётганлиги сабабли инсонпарварлик ёрдами бюджетлари ҳозирги пайтда улкан етишмовчиликка дуч келаётганлигини таъкидлади.

Пандемия дунёнинг ҳар бир мамлакати ва бурчагида одамлар ҳаётини ўзгартирди. Шундоқ ҳам қил устида яшаётганлар озиқ-овқат маҳсулотларининг номутаносиб равишда юқори нархларидан, даромадлар пасаётганидан, эмлаш дастурлари тўхтатилиб, мактаблар ёпилаётганидан азият чекишмоқда», дея қайд этди Бош котиб.

Шу муносабат билан, БМТ инқироз оқибатларига заиф деб топилган жами 56 мамлакат учун қарийб 30 га яқин индивидуал режаларни тақдим этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер