Ўзбекистонлик йирик тадбиркорлар Халқ таълими вазирлиги жамоатчилик кенгашини тузиш масаласини муҳокама қилишда қатнашди
9 июль куни Халқ таълими вазирлигида жамоатчилик ва бизнес вакиллари билан учрашув ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда Халқ таълими вазири Ш.Шерматов, вазир ўринбосарлари А.Умаров, С.Бабаходжаев, А.Саъдуллаев, жамоатчилик ва бизнес вакиллари З.Хашимов (Korzinka.uz), Н.Акилова (Nestle), Х.Мамасаидов (Dekos.uz), У.Ишмухаммедов (IDP IELTS), М.Касимов (Technoplaza) ва Б.Арифджановлар (Paynet асосчиси) иштирок этди.
Кун тартибида Халқ таълими вазирлиги ҳузурида жамоатчилик кенгашини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Халқ таълими вазирлиги томонидан бугунги кунда жамоатчилик фикрига алоҳида эътибор қаратилаётгани ўлароқ илғор хорижий ва маҳаллий тажрибаларни инобатга олган ҳолда Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгашини ташкил этиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида жамоатчилик кенгаши низомини ишлаб чиқишни бошлаш ва унинг фаолиятидаги устувор вазифаларни белгилаб олишга келишилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 июлдаги “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3837-сонли қарорининг ўз вақтида бажарилиши ва унинг долзарблигига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳозирда кўпгина давлат ташкилотларида жамоатчилик кенгаши фаолият кўрсатаётганини инобатга олиб, вазирлик раҳбарияти томонидан республика халқ таълими тизимидаги кенг қамровли вазифалар ва йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этишда орттирилган тажриба асосида самарали иш механизмини ташкил қилиш лозимлиги қайд этилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг