Бизга қандай туризм керак?
Куни кеча давлатимиз раҳбари ҳузуридаги мажлисда масалага ҳозирги шарт-шароит ва мавжуд потенциалимиздан келиб чиқиб, тўғри ёндашилди, умумий ва мубҳам гаплардан қочиб, конкрет вазифалар қўйилди.
Ҳа, мамлакатимизда туризм ривожланяпти, ҳа, жуда катта маблағ сарфланди, ҳа, сайёҳларга бугун мақбул инфтратузилма ва танлов имконияти бера оламиз. Энг муҳими, меҳмондўст ва одамохун, самимий халқимиз, миллий менталитетимиз имкониятларни каррасига оширади. Иқтисодиётимизнинг драйвери бўлиши мумкин, агар соҳа зўр ишласа.
Очиғи, зўр туристик салоҳиятга эга Тошкент вилоятидан сайланган депутатлардан бири сифатида, табиийки, у ерда туризм истиқболи учун бажарилаётган ишларни диққат билан кузатаман, шароитларни биламан. Давлат собитқадамлик билан дам олиш, ҳордиқ чиқариш, экотуризм сингари жабҳаларда хизмат кўрсатиб келаётган субъектларни муайян тартибга, дангал айтгнада, умумеътироф этилган этикетга ўргатди.
Тўғри, бу борада ишлар ҳали давом эттирилиши керак, энг яхши, арзон ва қулай шароитларни, аввало, ички туристларга тақдим этишимиз шарт.
Сайловчилардан «Бу пулга чет элга борса бўларди» деган гапни бот-бот эшитганимда, демак, олдинда ҳали қиладиган ишларимиз кўплигини яна бир бор ҳис қиламан. Шундай лойиҳаларни ишга туширишимиз керакки, сайёҳ сарфлаган маблағи ва вақтига ачинмасин.
Йиғилишда тўғри таъкидланди: «Туристларни фаол жалб қиладиган жойлар ҳақида контент кам, бори ҳам қизиқарли эмас, сайёҳларни 4-5 кун олиб қоладиган турпакетлар етишмайди». Туризм 90 фоиз мувафаққиятли ПР туфайли ривожланади. Бизга Бўстонлиқнинг кўринган кунжагида «Дачалар бор, дачалар», деб турадиган ўртакашлар эмас, янги ғоялар, креатив ходлар керак эди ва бу ҳақиқат бугун дангал айтилди.
Одилжон ТОЖИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг