“Бавария” ва “Арсенал” ярим финалда
Кеча, 15 апрель куни Европа чемпионлар лигаси мусобақасининг чорак финал ўйинлари давом эттирилди. Кун доирасидан ўрин олган баҳсда “Арсенал” жамоаси ўз майдонида Португалиянинг “Спортинг” жамоасини қабул қилди.
Лондонда кечган ушбу баҳсда ҳисоб очилмади. Шу тариқа “Арсенал” клуби сафарда қозонилган ғалаба эвазига ярим финалга йўл олди.
Куннинг марказий ўйинида эса “Реал Мадрид” Мюнхенда “Бавария” меҳмони бўлди. Учрашув “немислар“нинг 4:3 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Ўйинда ҳисоб 1-дақиқада очилди. Нойернинг қўпол хатосидан унумли фойдаланган Арда Гюлер гол киритди. Орадан 5 дақиқа ўтиб “Бавария” ҳисобни тенглаштирди. Мазкур голга Александр Павлович муаллифлик қилди.
29-дақиқада Арда яна бир марта Мадрид клубини ҳисобда олдинга олиб чиқди. 38-дақиқада Харри Кейн яна мувозанатни тиклади. Лекин барибир “қаймоқранглилар” танаффусга ғалаба билан чиқиб кетишни уддалади. 42-дақиқада Килиан Мбаппе жамоасининг учинчи голини киритди.
Иккинчи бўлимда мезбон жамоа темпни оширди ва Мадрид клуби дарвозаси олдида қатор вазиятларни юзага келтирди. 89-дақиқада шундай ҳужумларнинг бири гол билан тугади. Мазкур голга Луис Диас муаллифлик қилди. Бироқ, бу ҳали ҳаммаси эмасди. 90+4-дақиқада Майкл Олисе рақиб дарвозасига тўртинчи тўпни киритди. Шу тариқа “Бавария” нафақат кейинги босқичга йўл олди, балки иккинчи ўйинда ҳам “қироллик клуби”ни мағлуб этишга эришди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг