“Баридан муқаддас сўз бўлди фақат...”
Архив сурат
Эшқобил Шукур шеърларини ўқиётиб қоқилмайсан киши. Сўз, фикр, оҳанг уйғунлиги, мисралар нозиклиги, руҳ ва қалбнинг ичкин ҳиссиётлари тараннум этилиши ўқувчи эътиборини тортади. Доимий ижодий изланишлар, тинимсиз мушоҳадалар билан 60 ёш остонасини босиб ўтган ижодкор айни пайтда жўшқин илҳом оғушида. Унга мустаҳкам сиҳат-саломатлик ва улкан ижодий муваффақиятлар тилаймиз.
Қуйида унинг ижодидан намуналарни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
ҚАДИМИЙ БИТИКТОШЛАРГА ЁЗУВЛАР
(туркумдан)
Сўз
Баридан муқаддас сўз бўлди фақат —
Тангрилар инсондан қизғанган даҳо,
Боши бир ёқадан чиққан мамлакат,
Мангуликни йўргаклаган ибтидо.
Баридан муқаддас сўз бўлди фақат…
Оламдан ўтганни тупроқ остига,
Тупроқнинг устига сўзни қўйдилар,
Қуёшдан уялиб, ойдан уялиб,
Яланғоч юраклар сўзни кийдилар.
Ўлмас аскарлар
Кўз ўнгимдан саф-саф сўз аскарлари,
Мунглуқ яловларни кўтариб ўтар.
Ўтмишнинг қон юзли тош дафтарлари
Менга
Бир халқ шаклидаги сўзларни тутар:
Қайсининг қўли йўқ… Қайсин оёғи…
Барининг оғзига тўлган юлдузлар.
Маъюс ҳилпирайди идрок байроғи,
Келар суяклари қисирлаб сўзлар.
Баҳайбат ўйиқ бор кўкракларида,
Замонларнинг даҳшатлари дастидан.
Бир Ватанни тутиб киприкларида,
Бир халқ чиқиб келар ернинг остидан.
Мутолаадан сўнг
Айланар сўзларга суриниб дилгир
Шафақларга тўлиб қолган кенгликлар.
Сўзларга суриниб тиниб-тинчимай
Фалак елинларин соғар ерликлар.
Қуроқ кўрпаларга айланиб тушлар,
Олов нафас билан аврар бизларни.
Тун ва тонг оралиғида қисилган қушлар,
Олмадай чўқийди қадим сўзларни.
Битиктошлар дардин кўзимга битдим,
Кўнглимга чўктириб нолаларини.
Кул бўлган боғлардан тергани кетдим,
Боболарнинг олтин олмаларини.
Эшқобил ШУКУР.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг