Барча ютуқларим асоси Бош қомусимизда мужассам
Мен булғуси ҳуқуқшуносман. Бевосита соҳам туфайли ҳам Конституциямизни тез-тез варақлаб тураман. Унда белгилаб берилган тамойиллар бугун ҳар биримизнинг ҳаётимизда, турмуш тарзимизда ўз аксини топаётгани, бир сўз билан айтганда, юртимизнинг тинчлиги, тараққиёти, фаровон ҳаётимиз, ёшларимиз эришаётган ютуқлар, барча-барчасининг асоси Бош қомусимизда мужассам эканлигига амин бўламан.
Ўз ҳаётим мисолида айтай. Синглим ва мен жуда ёшлигимизда ота-онадан етим қолганмиз. Қариндошларимиз қўлида катта бўлдик. Шу билан бир қаторда, Ватанимизнинг ҳам бизга бўлган эътибори, ғамхўрлигини доимо ҳис этиб турдик. Бугун ҳам бу эътибор, бу ғамхўрлик натижасида ҳаётда ўз ўрнимизни топиб, эртанги ёруғ келажагимиз сари дадил одимлаб бормоқдамиз.
2023 йилда давлатимизнинг биз каби ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар учун ажратилган алоҳида имтиёзлари асосида мен Тошкент давлат юридик университетига, синглим Зуҳра эса Қарши давлат университетига ўқишга кирдик. Иккаламиз ҳам стипендия оламиз, ётоқхонада бепул турамиз.
Якунланиб бораётган 2024 йил эса ҳаётимда яна бир ўчмас из қолдирди. Давлатимизнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга қаратаётган юксак эътибори, ғамхўрлиги натижасида менга Косон тумани марказидаги Янги Ўзбекистон массивида барпо этилган замонавий уйлардан 2 хонали хонадон барча жиҳозлари билан берилди.
Тўғрисини айтсам, бу замонавий массивдан уй олиш жуда кўп оилаларнинг орзуси экани сир эмас. Мен эса давлатимиз, Президентимизнинг оталарча ғамхўрлиги асосида мана шундай замонавий хонадон соҳибига айландим.
Албатта, буларнинг ҳеч бири бежиз эмас. Чунки биз каби ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўз ўрнини топиши учун кўмаклашиш – буларнинг барчаси Бош қомусимизда аниқ белгилаб қўйилибди. Масалан, Конституциямизнинг 47-моддасини олайлик. Унинг 4-бандида “Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланади”, дейилган. Шу тамойил асосида бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди, дастурлар ишлаб чиқилди. Улар асосида бугун ижтимоий ҳимояга муҳтож минглаб оилалар, йигит-қизлар янги уй-жойларга эга бўлмоқда. Мен ҳам уларнинг бири бўлганимдан бахтиёрман.
Ҳасан ЖОМИРЗАЕВ,
Косон тумани, талаба
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг