Барча процессуал жараёнлар видеода муҳрланади

19:24 07 Апрель 2020 Жамият
849 0

Иллюстратив фото

“Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.

Киритилаётган нормалар билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва судларга гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан ушлаб туриш, қамоққа олиш, уй қамоғи ёки экспертиза ўтказиш учун шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларининг қўллагани ҳақида уларнинг оила аъзоларини ёхуд бошқа яқин кишиларини дарҳол хабардор қилиш мажбурияти юкланмоқда.

Шу билан бирга, шахсни ушлаш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш, ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва олиб қўйиш, шунингдек, ҳимоячидан воз кечиш ҳаракатларини мажбурий тарзда видеоёзувга олиш шартлиги белгилаб қўйиляпти.

Шунингдек, лойиҳада шахсни ушлаш жараёнида видеоёзув қўлланилмаган тақдирда, давлат органи ходими ушланган шахсни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган биносига олиб келганидан сўнг, унга ҳуқуқларини видеоёзувга қайд қилган ҳолда тушунтириши шартлигига оид қоида ҳам назарда тутилмоқда.

Халқ вакилларининг айтишча, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш маданиятининг шаклланиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни фақат ва фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қиладиган идораларга айланишида мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юбориладиган бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер