Балиқ вируси инсонларда оғир кўз касалликларини келтириб чиқариши аниқланди

18:57 04 Апрель 2026 Илм-фан
576 0

Иллюстратив фото

Хитойлик олимлар хавфли нодавирус турига мансуб бўлган ва денгиз ҳамда чучук сув балиқлари орасида тарқаладиган вирус инсонга ҳам юқиши мумкинлигини аниқлади. Бу ҳақда Nature Microbiology илмий журналида эълон қилинган тадқиқотда маълум қилинган.

Қайд этилишича, инсонларда учрайдиган ва персистент кўз гипертензияси ҳамда вирусли олд увеит (POH-VAU) деб аталадиган кўз касаллигининг сабаби узоқ вақт номаълум бўлиб келган. Янги изланишлар эса ушбу касаллик сув муҳитида учрайдиган яширин нодавирус — CMNV билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини кўрсатган.

Олимлар POH-VAU ташхиси қўйилган 70 нафар беморнинг кўз тўқималарида CMNV вируси изларини аниқлаган. Тажрибалар шуни кўрсатдики, мазкур вирус лаборатория ҳайвонларида кўз ичи босимининг ошиши ва тўқималарнинг шикастланишига сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, у сутэмизувчилар ҳужайраларини ҳам зарарлаш қобилиятига эга экани қайд этилган.

Тадқиқот натижаларига кўра, унинг инсонларга юқиш ҳолатларининг 71,4 фоизи сув жониворларини ҳимоя воситаларисиз қайта ишлаш ёки уларни хом ҳолда истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган.

Маълумот учун, CMNV нодавируси 120 дан ортиқ денгиз ва чучук сув балиқлари турларида учрайдиган хавфли патоген ҳисобланади. У балиқларнинг асаб тизимига зарар етказиб, айниқса личинка ва ёш балиқлар орасида оммавий қирилишга (100 фоизгача) сабаб бўлиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер