Баланд биноларда ёнувчан материаллардан фойдаланиш тақиқланди
Фото: Муҳсин Умурзоқов / «Халқ сўзи»
Адлия вазирлиги «Бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига (ШНҚ) ўзгартиришларни ҳисобга олди, деб хабар бермоқда вазирлик ахборот хизмати.
Жорий йилнинг 27 март куни 391 рақами билан ҳисобга олинган ҳужжатга кўра, баландлигидан келиб чиқиб биноларни пардозлашда, ёнувчанлик даражаси юқори бўлган қурилиш материалларидан фойдаланиш бўйича айрим чекловлар белгиланди.
Қурилиш материаллари ёнувчанлик даражасига қараб 4 та турга бўлинади. 28 метргача бўлган биноларнинг фасад қисмида фақат ёнувчанлик даражаси паст (2–4) материаллардан фойдаланишга йўл қўйилади. 28 метрдан баланд биноларда, баландлигидан қатъий назар таълим ва тиббиёт ташкилотларида ёнувчан материаллардан фойдаланиш тақиқланади.
Биноларнинг эвакуация йўллари (зинапоя, йўлаклар, ҳоллар, чиқиш йўлаклари) ҳамда ертўла ва ярим ертўлаларда девор ва шифтларни безашда ёнувчан материаллардан фойдаланиш чекланади.
Ушбу талаблар ёнғин келиб чиқиши ва тез тарқалиши хавфини камайтириш ҳамда фавқулодда вазиятларда фуқароларнинг хавфсиз эвакуациясини таъминлашга қаратилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг