Бахтиёр болалик қувончи

22:33 01 Январь 2022 Жамият
1393 0

Фото: «Халқ сўзи»

Янги йил байрамининг бетакрор шукуҳи бор. Айниқса, бу байрамни мурғак қалби ҳайрату беғубор орзуларга тўла болажонлар интиқлик билан кутади. Бугун юртимиз бўйлаб давом этаётган байрам тадбирлари, «Президент арчаси» шодиёналари жажжи ўғил-қизларимизга бир олам қувонч ва унутилмас таассуротлар бахш этаётгани шубҳасиз.

 

 

Андижон шаҳридаги вилоят қўғирчоқ театрида анъанага кўра Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган болалар, Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари фарзандлари учун «Президент арчаси» тадбири ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов иштирок этиб, болажонларни байрам билан самимий қутлади. Уларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг байрам табригини йўллаб, 700 нафардан зиёд ўғил-қизларга 30 номдаги ўқув қуроллари, ўйинчоқлар ва ширинликлардан иборат совғани улашди.

— Байрамда турли эртак қаҳрамонлари билан бирга ўйнадик, — дейди Қўрғонтепа туманидан ташриф буюрган Райҳоной Аҳмадалиева. — Мириқиб концерт томоша қилдик. Президентимиз юборган совғаларни олдик. Менга катта арча жуда ёқди.

 

 

Навоий вилоятида “Президент арчаси”нинг асосий шодиёналари бу йил ҳам муҳташам Фарҳод маданият саройида бўлиб ўтди. Бу ерда шифтга қадар бўй чўзган арча атрофида болакайлар эртакларнинг сеҳрли оламига сайр қилдилар. Театрлаштирилган томошаларда бевосита қатнашиб, байрам учун ўзлари тайёрлаган шеър-қўшиқларини ижро этишди.

Байрам дастурида фаол иштирок этган болакайлар рағбатлантирилди. Шундан сўнг Навоий вилоят ҳокими в.б. Н. Турсунов болаларни Янги йил айёми билан табриклаб, уларнинг тарбияси, таълим олиши, қувончи, соғлиги, комил инсон бўлиб вояга етиши, касб-ҳунарни мустаҳкам эгаллаши ва ҳаётда ўз ўрнига эга бўлиши давлатимиз сиёсатида энг устувор вазифалардан бирига айлангани, бу борада кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилгани хусусида тўхталди. Болажонларга давлатимиз раҳбарининг совғаларини топширди.

 

 

Самарқанд вилояти марказидаги 1-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳам Президент совғасини олишганидан беҳад бахтиёр. Тадбирда вилоят ҳокими Э. Турдимов давлатимиз раҳбари номидан болаларни кириб келаётган 2022 йил билан муборакбод этиб, юртимизда ёш авлод таълим-тарбияси йўлида олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритди. Байрамнинг бадиий қисмида Қорбобо ва Қорқиз, турли эртак қаҳрамонлари барчага хуш кайфият бағишлади.

Самарқанд шаҳридаги SOS болалар маҳалласида тарбияланаётган 73 нафар болалар учун ҳам “Президент арчаси” байрам тадбири ташкил этилди. Болажонлар интиқлик билан кутган Президент совғасини вилоят ҳокими Э.Турдимов ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари тантанали равишда топширди.

Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида боқувчисини йўқотган чин етимлар, оилавий меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, хизмат вазифасини бажариш чоғида вафот этган ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг фарзандлари учун байрам дастурхонлари ёзилиб, болажонларга Президент совғаси тарқатилди.

— Бугун жуда хурсандман, — дейди Самарқанд шаҳридаги 36-умумтаълим мактабининг 2-синф ўқувчиси Аминжон Зоиров. — Синглим иккимиз “Президент совғаси”ни олиб, роса қувондик. Байрам томошаларида Қорбобо, Қорқиз билан бирга рақсга тушдик. Мактабда яхши баҳоларда ўқиб, мен ҳам дадамга ўхшаб ички ишлар ходими бўламан.

 

 

Худди шундай, Фарғона шаҳридаги Театр-концерт саройида ўтган “Президент арчаси” байрами ҳам 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган 600 нафардан зиёд ўғил-қизлар хотирасида бир умрга муҳрланадиган бўлди.

Фарғона вилоят ҳокими Х. Бозоров барча болаларни Янги йил байрами билан қутлаб, Президент совғасини топширди.

Эртак қаҳрамонлари иштирокидаги саҳналаштирилган мусиқий томоша «Янги салтанатда янги йил» номли спектаклга уланди.

“Халқ сўзи” мухбирлари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер