Бағдод туманида янги таълим масканлари қад ростламоқда
Фарғона вилоятининг Бағдод туманида марказидан 15 километр олисда жойлашган Навбаҳор қишлоғида янги 120 ўринли мактабгача таълим ташкилоти биноси қуриб битказилди.
Эътиборлиси, лойиҳа қиймати 5,5 млрд. сўмга баҳоланган ушбу муассаса қишлоқ аҳолисининг ҳамжиҳатлиги, тадбиркорларнинг ҳомийлиги натижасида ҳашар йўли билан бунёд этилди.
Шунингдек, туманнинг Ирғоли қишлоғида 62-мактабнинг 330 ўринли янги биноси фойдаланишга топширилди. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 900 млн. сўм маблағ эвазига янги бино қад ростлади. Ўз навбатида вилоят маҳаллий бюджетидан 1,5 млрд сўм, туман маҳаллий бюджетидан 360 млн. сўм ажратилиб, замонавий спорт зали қуриб битказилди.

— Шу кунгача бошланғич таълим олиш учун қишлоқ ёшлари 2-3 километр узоқдаги қўшни маҳаллада жойлашган мактабга қатнашар эди, — дейди Бағдод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Адҳамжон Хонкелдиев. — Эндиликда бу ноқулайликдан бартараф этилди. Янги бинода ўқиш ва спорт билан шуғулланиш учун барча шароитлар муҳайё этилди.
Янги таълим масканларининг фойдаланишга топширишга бағишланган тантанали тадбирда Президент маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг