Азизбек Абдурасулов заргарлик саноатига қўшган ҳиссаси учун “Global icon” мукофотга сазовор бўлди
Фото: “Халқ сўзи”
Наманганда қимматбаҳо металлар ва тошларни харид қилиш, қайта ишлаш ва бошқа заргарлик фаолият турларига йўналтирилган “Gavhar jewel group” масъулияти чекланган жамиятининг иш бошлаганига эндигина икки йил бўлди. Айни пайтда корхонада 50 киши доимий асосда меҳнат қиляпти, 150 дан ортиқ маҳаллий заргар билан кооперация тартибида иш олиб борилаётир. Бу орада нозик ҳунар эгалари ташқи бозорга ҳам чиқиб улгуришди, тайёрланган маҳсулотнинг йигирма фоизи экспорт қилинмоқда.
“Gavhar jewel group” ўтган йили Бухорода ташкил этилган халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалида муваффақиятли иштирок этиб, “Энг яхши заргарлик корхонаси” номинацияси бўйича фахрли биринчи ўринга сазовор бўлган эди. Яқинда қимматбаҳо тошлар ва заргарлик буюмлари экспортини қўллаб-қувватлаш кенгаши (GJEPC) томонидан Дубай шаҳрида ташкил этилган “International GEM & jevellery show” нуфузли халқаро заргарлик кўргазмаси эса илк бор ўзбекистонлик тадбиркор дунё заргарлик саноати ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси учун тақдирланди. МЧЖ раҳбари, Gavhar” бренди асосчиси Азизбек Абдурасуловга “Global icon” мукофоти тантанали топширилди.
— Халқаро экспертлар талқинига кўра, жорий йил дунё заргарлик саноатининг муҳим персоналаридан бири сифатида эътироф этилишим менга ва соҳамизнинг барча меҳнатчиларига алоҳида фахр бағишлайди, ؙ—дейди “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳиби А. Абдурасулов.
Қимматбаҳо тошлар ва заргарлик буюмлари экспортини қўллаб-қувватлаш кенгаши (GJEPC) 1966 йилдан буён фаолият юритади ҳамда олмослар бозорида юқори мавқега эга ташкилот ҳисобланади.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг