Ажаб саодат эрур чиқса яхшилик била от
Сўнгги йилларда Навоийнинг бой ижодий меросини ўрганишда шоир номи билан аталувчи вилоятда ҳам янгича ёндашувлар жорий этилиб, турли танлов ва навоийхонлик кечалари ўтказилмоқда. Тадбирларда ҳазрат ғазаллари ёд олибгина қолмай, балки ўша ғазалдаги барча сўзларни изоҳлаб, унинг насрий баёнини ярата оладиган иқтидорли ва истеъдодли ёшлар кашф этилмоқда. Албатта, бунда ҳудуднинг илмий муҳити, зиёли қатламининг муносиб ҳиссаси бор.

Ҳазрат таваллудининг 583 йиллиги муносабати билан вилоят Маънавият ва маърифат марказида Навоий вилоят ҳокимлиги, Маданият бошқармаси, Навоий Давлат педагогика институти ҳамкорлигида ўтказилган адабий-бадиий кеча шулардан бири бўлиб, у “Ажаб саодат эрур чиқса яхшилик била от” дея номланди.
— Она тилимизнинг жило ва имкониятлари халқимиз, айниқса ёшларимиз онгу шуурига, аввало, Навоий асарлари билан кириб келади, — дейди институт доценти Ботир Зарипов. — Унга муҳаббат, беқиёс бойлиги ва улуғлигини англашда ҳазрат ижоди андоза, десак муболаға эмас. Шу билан бирга бугунги глобаллашув даврида буюк мутафаккир меросига қайта-қайта мурожаат этиш, унинг асарларида ўз ифодасини топган инсонни камолотга етакловчи эзгу ғояларни ёшлар онгига сингдириш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу борада мана орадан беш ярим асрдан зиёдроқ вақт ўтган бўлсада, шоир ижодининг қиммати асло камаймаган. Зеро, даврлар алмашсада, буюк аждодимиз қолдирган маънавий мероснинг қадр-қиммати тобора ортиб бораверади.

Тадбирда ҳазрат Навоийнинг ҳаёти ва ижоди, қолдирган бой маънавий меросидаги янги тадқиқотлари бўйича маърузалар тингланиб, талабаларнинг бадиий ҳаваскорлик дасталари томонидан шоир ғазалларига басталанган куй-қўшиқлар ижро этилди.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг