Аёллар бандлиги – рўшнолик омили

19:19 17 Февраль 2023 Жамият
1087 0

Фото: Халқ сўзи

Ҳар қандай жамият АЁЛдан рўшнолик қарздор. Унинг оила ва оиладан ташқаридаги мавқеи, ҳаётдан розилиги бевосита жамиятнинг муносабати, ижтимоий фаоллигини таъминлай олиши билан белгиланади.

Афсуски, меҳнат бозорида аёлнинг ўз иш ўрнини топиши ҳар доим мураккаб масала бўлиб келган. Табиийки, бу наинки халқаро ҳуқуқ меъёрлари, балки оддий инсоний муносабатлар ва аёллар фаоллигига ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Шу маънода давлатимиз раҳбарининг сўнгги йиллардаги қатор фармон ва қарорларида аёллар бандлигини таъминлаш устувор вазифалардан этиб белгилангани, жумладан, Навоий вилоятида ҳам бу борада кенг қамровли дастурлар амалга оширилаётгани эътирофга моликдир. Вилоятнинг Қизилтепа туманидаги «Кулолон» МФЙда фаолияти йўлга қўйилган йирик тикувчилик корхонаси ана шундай эътибор самараси бўлиб, бу ерда ён-атрофдаги қишлоқлардан жами 150 нафар аёл ўз иш ўрнига эга бўлди. Уларнинг олтмиш нафари замонавий дастгоҳларни бошқаришга ўқитилди.

— Илгари бозорга тушсак, импорт буюмларни қидирар, уларнинг бичими ва сифатини устун қўярдик, — дейди корхонанинг ёш тикувчиларидан бири Лобар Раҳматова. — Мана, бугун бизлар тиккан трикотаж маҳсулотлари юз фоиз экспорт қилиняпти. Демак, энди чет давлатларда биз тайёрлаётган маҳсулотларни одамлар бажонидил харид қилишаётгани кўнгилда ғурур уйғотади.

Қизилтепа туманининг «Тошмачит» МФЙдаги тикувчилик корхонасида эса қирқ нафар опа-сингилларимиз бандлиги таъминланган. Маҳаллий тадбиркор Шаҳноза Самадова асос солган корхона маҳсулотлари ички бозорда аллақачон ўз харидорини топиб, тадбиркор яқинда Россиядан каттагина буюртма портфели билан қайтди.

— Корхонамизга биринчи навбатда «Аёллар дафтари», «Темир дафтар» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган маҳалладошларимизни ишга олдик, — дейди Ш. Самадова. — Албатта, тайёр мутахассисни топиш қийин, уларнинг ўзи ўз бизнесини йўлга қўйишяпти. Шу сабаб уларнинг кўпчилигини ўқитдик, тажрибасини оширдик.

Чиндан ҳам, туманнинг ҳунарли ва тадбирли аёллари аллақачон ўз бизнесига асос солишган. «Оқмачит» маҳалласида яшовчи Феруза Хўжаева шулардан бири бўлиб, эътибор ва рағбат туфайли уй бекасидан ишбилармонга айланди. Оилавий зардўзлик корхонасида синглиси ва ўзини қўшиб ҳисоблаганда 10 нафар аёлнинг бандлигини таъминлаган.

— Маҳсулотларимиз хорижий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда, — дейди Ф. Хўжаева. — Шу сабаб қўшни Бухоро ва Самарқанд вилоятлари тадбиркорлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Буюртма кутиб ўтирмаймиз, хорижликлар қўл меҳнатини, санъат даражасидаги зардўзликни қадрлашади. Шунинг учун маҳсулотимиз вақтида сотилиб, даромадимизни вақтида оламиз.

Сўз маҳсулот сотилиши ҳақида кетаркан, туманнинг Работ маҳалласидаги ҳунарманд Зебинисо Қўзиеванинг фаолияти бир қарашда турган-битгани таваккалдек туюлиши мумкин. Боиси ҳунарманд аёл ўз атрофига 30 нафар қўни-қўшнисини бирлаштириб, чопон тикиш билан шуғулланади. Ўзининг айтишича, бир ойда 600тагача чопон тайёрлашар экан. Йилнинг тўққиз ойи иссиқ ўлкада шунча чопон ўз харидорини топа олармикан, деган ўйга борасан беихтиёр.

— Халқимизда тўй-марака кўп, — дейди З. Қўзиева. — Баъзан буюртмаларни тайёрлашга улгурмай қоламиз. Энг муҳими, нархлар инсоф билан белгиланса, маҳсулот сифатли бўлса, харидор ўзи излаб келади.

Қувончлиси, бундай мисолларни Қизилтепа тумани миқёсида ўнлаб, юзлаб келтириш мумкин. Муҳими, аёллар қўл ураётган тадбиркорлик йўналишлари деярли бир-бирини такрорламайди. Айтайлик, Зарметан қишлоғида коса тўнкарилганида ҳам тўкилмайдиган қатиқ ишлаб чиқариш тадбиркорлик тусини олган бўлса, Ванғозида гулчилик хотин-қизлар бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

— Туманимизда ўтган йили қарийб олти минг нафар хотин-қизларнинг ижтимоий бандлиги таъминланди, — дейди Қизилтепа тумани ҳокими ўринбосари Зуҳра Рашидова. — Уларнинг 2 минг 258 нафари доимий иш жойига эга бўлса, 2 минг 200 нафари ўзини ўзи банд қилганлар сафидан ўрин олди. Шунингдек, 2022 йилда 1 минг 670 нафар опа-синглимиз имтиёзли кредитлар орқали ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлашди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳамда ушбу секторларда аёллар иштирокини ошириш масалалари иқтисодиётимиз барқарорлигининг муҳим шартига айланган. Қолаверса, бу уй бекаси мақомидаги аёлларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга, уларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга ёрдам бермоқда.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер