Австрияда учар таксилар жамоатчилик транспорти қаторидан жой олади
Австриянинг Линц шаҳрида жамоатчилик транспорти аэротаксилар ҳисобига тўлдирилмоқда. Бу ҳақда Euro-Pulse манбаси хабар берди.
Қайд этилишича, бунинг учун 2021 йилдан бошлаб инфратузилмани қуриш бошланади. Учар машиналарда йўловчилардан ташқари юкларни ҳам ташиш режалаштирилган.
Лойиҳа аввалига йўловчиларсиз ва аҳоли йўқ ҳудудлар устида синовдан ўтказилади. Биринчи вертипортлар(аэромобиллар учун бекатлар) Дунайнинг ҳар икки соҳилида ҳам пайдо бўлади.
Маълумот учун, Линц Австриядаги аҳолиси сони бўйича(200 мингдан ортиқ) учинчи йирик шаҳардир. У ердаги одамларнинг асосий қисми эса шаҳар атрофида яшайди. Лойиҳа ташкилотчиларининг фикрича, бу учар таксилар тизимини тестдан ўтказиш учун ажойиб шароитдир.
EHang 216 русумидаги аэромобиллар австриялик ва хитойлик муҳандислар ҳамкорлигида ишлаб чиқилган. Кабинасида икки йўловчи (ёки 260 кг.гача юк) учун жой бор, конструкцияси эса улкан квадрокоптерни эслатиб юборади. Учар такси соатига 150 км.гача тезлик олиши, ҳавода ярим соатгача ҳаракатланиб, юкланишига қараб 50—70 км. масофани босиб ўтиши мумкин.
Айтганча, EHang 216 таксисининг биринчи синов парвози 2019 йилда Вена марказидаги футбол стадионида ташкил этилганди. Ўшанда у йўловчиларни ҳавога кўтариб, ўйингоҳ бўйлаб учган эди.
Австриядан ташқари ЕИнинг бошқа мамлакатлари ҳам аэромобиллар устида иш олиб боряпти. Масалан, 2014 йилда словак инженерлари томонидан гибрид аэромобиль яратилган эди. Парижда эса учар таксилар ёрдамида «пробка»ларга қарши курашиш режалаштирилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг