Аскарлар тест синовларини топширди

18:01 31 Январь 2025 Жамият
442 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Айни кунларда мамлакатимиздаги барча ҳарбий қисмларда Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўтаб, фуқаролик ҳаётига қайтишга ҳозирлик кўраётган йигитлар жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик дастурининг ўзлаштирилганлигини якуний баҳолаш ва уларнинг билим даражасини текшириш мақсадларида тест синовларини топширмоқда. Хусусан, Навоий шаҳридаги миллий гвардия бошқармасининг 87214 ҳарбий қисмида ҳам мазкур тадбир ўтказилиб, унда 64 нафар аскар йигит тест синовларини топширди.

— Тест синовида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлаётган аскарлар юзта савол асосида ўзларининг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлиги ҳамда физика ва математика фанларидан билимини ва мантиқий саволлар бўйича салоҳиятини синовдан ўтказди, — дейди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Навоий вилояти бўлими бошлиғи Нурхон Бекниёзов. — Ушбу синов натижалари асосида уларга ОТМ ва олий ҳарбий таълим билим юртларига киришларида имтиёз берувчи тавсиянома берилади.

Мазкур тавсияномалар асосида улар умумий тест синовларида иштирок этишиб, ОТМ муассасасида ажратилган 5 фоизлик квотага тушиш учун имтиёзлиликлар ўртасида ўзаро рақобатда иштирок этади. Уларнинг имтиёзлари ўзлари танлаган биринчи ОТМгагина кучга эга бўлади.

— Мазкур тест синовларига пухта ҳозирлик кўрдик, — дейди оддий аскар Сирож Эрматов. — Ҳарбий хизматимиз даврида бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилган. Албатта, бу юртимизда тинчлик ва осойишталик ҳукмронлигининг самарасидир.

Бу йигитлар ўз ҳаётларидаги дастлабки синовни муваффақиятли топшириб бўлди. Ватан ҳимоясига чоғланишнинг ўзи ҳар бир йигит учун наинки бурч, балки шарафдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер