Арабхона маҳалласидаги янги мактабга дарахт кўчатлари ўтказилди
Фото: “Халқ сўзи”
Самарқанд туманидаги Арабхона маҳалласи ёшлари энди яқинда қуриб битказилган замонавий типдаги 300 ўринли янги мактабда сабоқ олишади.

Мазкур таълим масканининг очилиш маросимида туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Унда ўқитувчилар, ота-оналар ва нуронийлар сўзга чиқиб, юртимизда таълим-тарбияга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликлардан мамнун эканлигини билдиришди.

Қайд этиш керакки, маҳалладаги мазкур 9-умумтаълим мактабининг янги биноси 3 миллиард 700 миллион сўм маблағ эвазига қад кўтарди. Бинода 15 та хона мавжуд бўлиб, 10 та ўқув хонаси, 1 та информатика, 1 та чет тиллар хонаси ошхона ва фаоллар залидан иборат.

Бундан ташқари мактаб ҳудудида очиқ бюджет асосида болалар майдончаси, воркоут, волейбол ва футбол майдончалари ҳам қуриб, топширилди.

Тадбир иштирокчилари ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди ҳамда “яшил макон” лойиҳаси доирасида яхши ниятлар билан мактаб ҳовлисига дарахт кўчатлари ўтказишди.
Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг