АҚШ дунёда кибердипломатия етакчисига айланмоқчи — Politico
Архив сурат
АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти глобал кибертаҳдидларни бартараф этишга қаратилган кенг қамровли халқаро ҳамкорлик стратегиясини эълон қилмоқда. Politico нашрининг хабар беришича, бу ташаббус Бирлашган Миллатлар Ташкилотида кибер меъёрларни шакллантириш ва Хитойнинг кибермакондаги таъсирига қарши курашишга қаратилган.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг сўзларига кўра, стратегия тўртта муҳим йўналишга устувор аҳамият беради:
1) хавфсиз рақамли муҳитни қўллаб-қувватлаш;
2) иттифоқчилар билан бирга рақамли ҳуқуқларни ҳимоя қилиш;
3) киберҳужумларга қарши курашиш;
4) ҳамкор давлатларнинг хакерлар ҳужумига чидамлилигини ошириш.
Ушбу саъй-ҳаракатларни кучайтириш учун АҚШ Давлат департаменти федерал ресурслардан 50 миллион доллар ажратилган Кибермакон ва рақамли уланиш жамғармасини ташкил этиш ниятида. Ушбу жамғарма иттифоқдош давлатларга киберхавфсизлик салоҳиятини оширишда ёрдам беради.
Шунингдек, манбада айтилишича, АҚШ БМТ доирасида кибер дипломатиядаги иштирокини кучайтиришни мақсад қилган. Жо Байден бошчилигида ушбу халқаро киберхавфсизлик стратегиясини ишлаб чиқиш, айниқса, бўлажак президентлик сайловлари арафасида жамоатчилик ишончини оширишга қаратилган кенгроқ стратегиянинг бир қисми бўлиши мумкин.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг