АҚШ Давлат котиби яна Яқин Шарққа йўл олди. Бу унинг сўнгги ойлардаги минтақага саккизинчи сафари
Фото: Reuters
АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгашида ўт очишни тўхтатиш режасини илгари суриш учун Исроилга босим ўтказаётган бир пайтда яҳудий давлати аскарларининг Ғазодаги ҳужуми давом этмоқда.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроил — ҲАМАС урушида ўт очишни тўхтатиш бўйича сўнгги таклифларни илгари суриш илинжида Яқин Шарққа йўл олди.
Вашингтоннинг юқори лавозимли расмийси 10 июнь куни Миср ва Исроилга ташриф буюради. Ундан сўнг Иордания ва Қатарда бўлиши кутилмоқда. Бу Блинкеннинг охирги бир неча ой ичида минтақага саккизинчи сафари бўлади.
АҚШ томонидан ўт очишни тўхтатиш таклиф қилинишга қарамай на Исроил на ҲАМАС режани тўлиқ маъқулламаганлиги сабабли жанглар ҳамон давом этмоқда. Шу йилнинг 9 июнь куни эрталаб Ғазо осмони бўйлаб янги ҳужумлар амалга оширилган.
АҚШ котиби Исроил Бош вазири Бенямин Нетаньяҳу ва Мудофаа вазири Ёав Голлант билан учрашишдан олдин, Қоҳирада Миср Президенти Абдел Фаттоҳ ас-Сиси билан кўришади. Қўшма Штатлар расмийси ўт очишни тўхтатиш таклифини илгари суриш билан бир қаторда Миср ва Рафаҳ чегара пунктини қайта очишни ҳам муҳокама қилиши мумкин. Исроил кучлари ўтган ой анклав жанубида қуруқлик ҳужумини бошлаганидан кейин гуманитар йўлакни ёпиб қўйган эди.
ҲАМАСнинг юқори мартабали расмийси Сами Абу Зуҳрий АҚШни урушни тўхтатиш учун Тел-Авивга босим ўтказишга чақирган. Шунингдек, у жангни тугатиш учун ҳар қандай музокарага тайёрлигини билдирган.
Блинкеннинг сафари Ғазо марказидаги Нусейрат қочқинлар лагерида камида 274 нафар фаластинликнинг ўлими ва 698 киши яраланиш фожиаси фонида амалга оширилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг