АҚШ Давлат котиби Исроилдан Фаластин ҳудудига кўпроқ ёрдам берилишини талаб қилди
Фото: Reuters
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроил Бош вазири Бенямин Нетаньяҳуни Ғазодаги урушни тугатиш учун ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни жонлантиришга чақирди ва Фаластин ҳудудига кўпроқ ёрдам берилишини талаб қилди.
Блинкен сешанба куни Ғазодаги уруш бошланганидан бери Яқин Шарққа 11 бор ташриф буюрди. Бу унинг Исроил ўтган ой охирида “Ҳизбуллоҳ” билан можаросини кучайтирганидан бери минтақага биринчи сафаридир. Яҳудий давлати матбуотига кўра, “Ҳизбуллоҳ” Тель-Авив томон ўрта масофали ракеталарни учиргач, Блинкен қўнган Бэн Гурион аэропортини вақтинча ёпиб қўйгани учун ташриф кўнгилсиз бошланган.
АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Метью Миллерга кўра, Блинкен барча гаровга олинганларни озод қилиш, Ғазодаги можарога барҳам бериш, исроилликлар ва фаластинликлар учун доимий хавфсизликни таъминлайдиган тарзда урушни тўхтатиш зарурлигини таъкидлаган. Шунингдек, у Исроилнинг Ғазога инсонпарварлик ёрдами оқимини кўпайтириш ва давом эттириш, ёрдамнинг Ғазо бўйлаб тинч аҳолига етиб боришини таъминлаш учун қўшимча чоралар кўриш кераклигини қўшимча қилган.
Нетаньяҳунинг идорасида ҲАМАС етакчи Яҳё Синварнинг ўлдирилиши гаровга олинганларнинг қайтишига, урушнинг барча мақсадларига эришишга таъсир кўрсатиши мумкин, деган қараш бор. Аммо сулҳ ҳақида ҳеч нарса маълум қилинмаган.
АҚШ Давлат департаментининг айтишича, Блинкен ва Нетаньяҳу Исроил — Ливан чегарасида хавфсизлик ва осойишталикни тиклайдиган ҳамда ҳар икки тарафдаги тинч аҳолининг уйларига қайтишига имкон берувчи сўнгги 2006 йилдаги Исроил — “Ҳизбуллоҳ” урушидан кейин қабул қилинган БМТ резолюциясини амалга ошириш йўлларини ҳам муҳокама қилган.
Аммо Блинкен исроиллик етакчилар билан учрашар экан, “Ҳизбуллоҳ” жанглар давом этаётган бир пайтда Исроил билан музокаралар олиб боришни рад этган. Нетаньяҳу ўз баёнотида Ливандаги хавфсизлик ва сиёсий вазиятни ўзгартириш зарурлигини, бу эса Ливан гуруҳининг ракета зарбаларига учраган исроилликларнинг уйларига қайтишига имкон беришини таъкидлаган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг