АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Яқин Шарққа сафари муваффақиятсиз бўлди — “Sky News”

22:56 06 Ноябрь 2023 Дунё
551 0

Фото: AP

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Яқин Шарққа сафари муваффақиятсиз бўлди, чунки у ўз олдига қўйган мақсадларидан бирортасини ҳам амалга ошира олмади. Бу ҳақда Британиянинг “Sky News” телеканали шарҳловчиси Доминик Вагорн айтиб ўтди.

Журналистнинг қайд этишича, Вашингтон вакили хорижга сафари давомида учта мақсадни амалга ошириши лозим эди. Улардан бири Ғазо секторида “гуманитар танаффус” жорий этилиши бўлиб, бунинг учун Америка дипломатияси раҳбари Исроилга келганди.

Сафар олдидан ҳам Блинкен Фаластин анклавида вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш зарурлигини таъкидлаган эди. Унинг сўзларига кўра, бу маҳаллий аҳолига имкон қадар кўпроқ зарур маҳсулотларни ўтказиш учун керак эди.

Бироқ Исроил ҳукумати бу ташаббусни амалга оширишдан бош тортди. Мамлакат раҳбарияти тушунтирганидек, “инсонпарварлик танаффусини” жорий этиш фақат Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатидан гаровга олинганлар озод этилгандан кейингина мумкин бўлади.

АҚШ Давлат котибининг яна бир мақсади Яқин Шарқ можаросини ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилиш эди. Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторига фаол зарба беришда давом этар экан, араб етакчилари бу таклифни эрта деб ҳисоблашди.

Бундан ташқари, минтақа давлатлари инқирозни ҳал қилиш бўйича музокараларни бошлашнинг аниқ шартини айтиб ўтди. Гап бу ерда Исроилнинг Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида ўз жойлашувини яратишдан бош тортишини ҳақида бормоқда, деди журналист.

“Учинчидан, Блинкеннинг вазифаси уруш ҳудуди кенгайишининг олдини олиш эди. У билан учрашганларнинг ҳеч бири барибир Фаластин — Исроил можаросининг кенгайишини хоҳламайди. Улар буни янада кучайтириб юборишлари даргумон”, — дея қўшимча қилди Вагорн.

Унинг тушунтиришича, можаронинг кучайишига Эрон ва Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати катта таъсир кўрсатиши мумкин. Шунга қарамай, Америка расмийси “аниқ сабабларга кўра” унинг вакиллари билан музокара қилишдан бош тортди.

Охир-оқибат, журналист АҚШнинг Исроилга ёрдам беришни давом эттириш қарори минтақадаги вазиятга салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деган хулосага келди.

Олдинроқ, ҲАМАС АҚШ ва шахсан президент Жо Байденни Ғазо секторидаги оммавий қотилликларда айблаганди.

Ўз навбатида, АҚШ Давлат котиби Ғазода ўт очишни тўхтатиш Фаластиннинг ҲАМАС радикал ҳаракати кучларининг қайта тўпланишига олиб келишини айтди.

Ғазо секторидаги қарама-қаршилик шу йилнинг 7 октябрь куни бошланди. Шу куни эрталаб ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақса тўфони” деб номланган ҳарбий операция бошлади ва ҳаводан зарбалар берди. Минглаб жангарилар яҳудийлар давлати ҳудудига бостириб кириб, ўнлаб ҳарбий техника ва юздан ортиқ инсонни гаровга олди.

Шундан сўнг Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяху мамлакат уруш ҳолатида эканлигини эълон қилди. Мамлакат мудофаа кучларининг жавоб операцияси “Темир қиличлар” деб аталди ва унинг мақсадларидан бири ҲАМАСни йўқ қилиш ҳисобланади.

2023 йил 28 октябрда Исроил Ғазода қуруқликдаги операцияни бошлади. Яқин Шарқда навбатдаги эскалация бошланганидан бери Ғазо секторида ҳалок бўлганларнинг умумий сони 9227 нафарга етди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер