Ақл-заковат ва илм энг катта бойликдир
Президентнинг парламентга Мурожаатнома йўллаши эзгу анъанага айланди. Шу аснода бир йил сарҳисоб қилиниб, навбатдаги йил учун муҳим йўналишлар белгилаб олиняпти.
2020 йил — Ўзбекистон учун катта синовлар даври бўлди. Уларни енгиб ўтишда юртдошларимиз бир тану бир жонга айланди. Яхши натижалар қўлга киритилди. Аммо ечимини кутаётган масалалар ҳам кам эмаслиги ойдинлашди. Мурожаатномада ҳақиқатан ҳам давлат тараққиётига хизмат қиладиган долзарб масалалар кўтарилди, ечими бўйича тавсиялар берилди.
Аслида барча ислоҳотлар аҳоли турмушини фаровонлаштириш, уларнинг орзу-мақсадларини рўёбга чиқаришга қаратилган. Чунончи, Юртбошимиз 2020 йил якунида Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида таълим соҳасига алоҳида урғу берди. Бу мамлакатимизнинг порлоқ келажагини белгилаб берувчи тизимга қаратилаётган эътибор яна бир неча карра ортиши, устоз-мураббийлар зиммасидаги масъулият янада кўпайишини англатади.
Президентимиз Мурожаатномада олий таълим дастурларини хорижий илғор тажрибалар асосида такомиллаштириш, ўқув юклама ва фанларни қайта кўриб чиқиш лозимлигини таъкидлади ва бу борада муҳим тавсияларни берди.
Илгари сурилаётган ушбу ташаббуслар, амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирларни бевосита кузатиб, айтишим мумкинки, баркамол авлод таълим-тарбияси йўналишида жаҳон стандартлари даражасига эришамиз ва бугунги муваффақиятларимиз кўлами ортиб бораверади.
Биргина олий таълимни ривожлантириш учун ўтган йили 19 та янги олий ўқув юрти, жумладан, 9 та нуфузли хорижий университетнинг филиали очилди. Етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорликда 141 та қўшма таълим дастури бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Олий таълим муассасаларига жами 146 минг 500 нафар ёки 2016 йилга нисбатан 2 баробар кўп талаба ўқишга қабул қилинди.
Эртанги кун бунёдкорлари ҳақида сўз юритар экан давлат раҳбари, жумладан, шундай деди: «Биз Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз».
Олдинга қўйилган марралар, албатта, ўз-ўзидан забт этилмайди. Бунинг учун, аввало, ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашимиз зарур. Бунинг учун мактабгача таълимдан бошлаб олий ўқув юртигача барча бўғинларни ислоҳ қилиш бошланди.
Бунда, айниқса, фарзандларимиз тарбиясида энг асосий бўғин ҳисобланган мактабгача таълим тизимининг ўрни ва аҳамиятини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Айнан мактабгача таълим соҳасига бўлган эътибор мамлакатнинг эртанги тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.
Таълимнинг ўрта бўғинида ҳам талай ишлар қилинмоқда. Мактабларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, ўқув-лаборатория ва компьютер технологиялари хонасини жиҳозлаш ва замон талабларига мослаш бўйича олиб борилаётган ишлар шунга яна бир мисол.
2021 йилнинг мамлакатимизда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили», деб номланиши замирида ҳам келажак бунёдкорларига қаратилаётган эътиборнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилгани яна бир бор исботини топди.
Юртимизда ёшларга яратилаётган шароитларни кўриб кишини ҳаваси келиши табиий. Улардан эса фақатгина шароитлардан унумли фойдаланиш, жамият ривожига ҳисса қўша оладиган мутахассис бўлиб етишиш талаб қилинади, холос.
Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади.
Шарқ донишмандлари айтганидек, «Энг катта бойлик — бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос — бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик — бу билимсизликдир!»
Дарҳақиқат билим, илм кишини ҳамиша юксалтиради. Масалага Президентнинг шахсан ўзи алоҳида эътибор қаратаётгани эса соҳада ҳали яна кўплаб ўзгаришлар бўлишини кўрсатмоқда.
Бинобарин, мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларда биз ҳам камарбаста бўламиз.
Мохира Эшанова,
Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали
Умумтаълим фанлар кафедраси катта ўқитувчиси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг