Аномал совуқнинг биринчи кунидан фоторепортаж
Фото: Халқ сўзи
«Ўзгидромет» 5 январь куни 10-15 январь кунлари аномал совуқ бўлиши тўғрисида прогноз берган эди.

Тошкентда кеча, 9 январь куни соат 22:00 дан бошланган қор, шаҳарни оппоқ чойшабига ўраб олди.


Бугун эрталабдан қор қоплаган Тошкент манзараларини фоторепортажимизда акс эттиришга ҳаракат қилдик.


Аномал совуқ туфайли халқимиз саломатлиги учун кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, шундай фидойи касб эгалари борки, уларнинг меҳнатига таҳсин айтмасликнинг иложи йўқ. Эрталабдан ишга келар эканман, сурат олиш учун совуқдан ижирғаниб қўлимни қўлқопимдан чиқаргим келмаётган бир пайтда кўзим беихтиёр Ободонлаштириш хизмати ходимларига тушиб кетди.

Иш устидаги қор кураётган опани саволга тутдим.


— Узоқ йиллардан бери Ободонлаштириш хизматида ишлаб келаман, — дейди Дилрабо опа Йўлдошева — Шунча йилдан бери, нечта кишидан тана дашном эшитдим, саноғи йўқ. Майли, 4 нафар қоракўзимни шу ҳалол меҳнатим билан бировдан кам қил ўстиряпман, менга шуниси муҳим.


Ободонлаштириш ходимлари мавсум танламайди. Уларга ҳар доим иш топилади. Жумладан, шу йил мисолида қор кураш билан бошланган йил баҳорда дарахт гулларининг тўкилиши, ёз мавсумида чиқинди, айниқса, сув идишларидан кўчаларни тозалаш билан иш қизғин давом эттирилади. Кузнинг айни хазонрезгиликдан пайтлари ҳаммасидан ҳам қийинроқ иш вақти ҳисобланади.
Ишчи ходимлардан овқатланиш шароитлари ҳақида сўрар эканмиз, улардан бири бизни ошхона томон бошлади.

Ободонлаштириш ходимлари учун бир маҳал иссиқ овқат берилади. Ҳафтада ош, мошхўрда, мастава каби 4-5 хил таом тайёрланади. Ходимларнинг сўзларига кўра, овқат маҳсулотлари учун ҳар ойнинг бошида 50 минг сўмдан пул йиғилади.

Ободонлаштириш хизматида ишлаётганига 14 йилдан ошган Абдувоҳид ака Ниёзов 3 йилдан бери ошпазлик қилиб келади. У айни пайтда тушлик учун ош тайёрламоқда.
Умида Сатторова, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг