Андижонга газ қачон келган?

09:56 17 Март 2021 Иқтисодиёт
1087 0

«Андижон шаҳрига илк бор табиий газ тармоғи 1943 йилда келган,  —дея хотирлайди журналист Қобилжон Асқаров «Ҳудудгаз Андижон» газ таъминоти филиали томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида. –Тармоқ Булоқбоши туманидаги «Кулла» қишлоғи орқали Андижон шаҳридаги ҳарбий саноат ҳудудида жойлашган заводларга олиб келинган. Бунгача масофада бўлган Ҳакан қишлоғидаги юзлаб хонадонлар шу тариқа газлаштирилган».

Тан олиш керак, орадан ўтган йиллар давомида нафақат, вилоят марказида, балки, туман ва шаҳарларда ҳам бу борадаги вазиятни турлича баҳолаш мумкин. Нега? Бу каби саволларда Матбуот анжуманида доирасида жавоб берилди. Мутахассисларнинг маълум қилишича, айни пайтда вилоятда 423 минг нафардан ортиқ истеъмолчиларга 584 минг донадан зиёд маиший газ баллонлари орқали суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Истеъмолчиларнинг газ баллонлар билан таъминланганлик даражаси 137% га етказилган. Барча истеъмолчиларга 3 та газ тўлдириш станцияси ва шохобчалари орқали суюлтирилган газ етказиб бериш йўлга қўйилган. Ушбу газ тўлдириш шохобчаларининг ойлик газ тўлдириш қуввати 3000 тонна ва газ сақлаш қуввати 285 тоннани ташкил этади. Бир вақтнинг ўзида 28 та махсус газ ташиш автотранспортларига хизмат қилиш имкониятига эга. Истеъмолчиларга жами 89 дона махсус маиший газ баллони ташувчи автотранспортлар хизмат кўрсатмоқда.

— Вилоятимиздаги аҳоли хонадонлари ва бошқа турдаги истеъмолчиларга ўтган йили 61 минг 162 тоннадан зиёдроқ суюлтирилган газ етказиб берилган бўлса, жорий йилнинг 15 мартига қадар 13 минг 792 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди, — дейди филиал директори Давронбек Салоҳиддинов. — Истеъмолчиларга суюлтирилган газни етказиб бериш учун мўлжалланган мавжуд 89 та автотранспорт воситалари назорат тарозилари билан тўлиқ таъминланди. Энди ҳар бир истеъмолчида ўзи олаётган маиший газ баллонини алмаштириш вақтида тортиб олиш имконияти мавжуд. Суюлтирилган газни етказиб беришни онлайн назорат қилиш тизимига ўтишга тайёргарлик жараёни бўйича мавжуд 783 та МФЙда истиқомат қилувчи 423 737 нафар истеъмолчига 408 644 ID карталар тарқатилди. Мавжуд 584 433 дона маиший газ баллонларидан 470 мингдан ортиғига бар-кодли стикерлар ёпиштирилди ва бу жараён давом эттирилмоқда.

Рақамлар амалга оширилаётган хайрли ишлардан дарак беради. Ана шундай амалиётлардан бири «Ақлли газ ҳисоблаш ускуналари»нинг ўрнатилишидир. Анжуман давомида бу борадаги ишларга алоҳида маълумот берилди:

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 сентябрдаги «Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш» лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарорига асосан Андижон вилоятида 221 013 та хонадонга замонавий электрон газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатилиши режалаштирилган, — дейди филиал Матбуот хизматининг раҳбари Акмалжон Холиқов. — Шундан, 37 365 донаси кўп қаватли уйларга, 177 404 донаси эса ҳовли уйларга ўрнатилиши кўзда тутилган. «Ақлли» газ ҳисоблаш ускуналарини ўрнатиш дастлаб Андижон шаҳридаги «Мустақилликнинг 20 йиллиги» МФЙ ўрамида жойлашган «Учқўрғон» кўчасида бошланган бўлиб, шу кунга қадар вилоят бўйича 104 122 та хонадонга ҳисобдонлар ўрнатиб бўлинди. Ўрнатилган ҳисобдонларнинг ҳовли уйларга TEGH J-6 русумлигидан 61 800 донасини ташкил этса, 42 321 донасини эса кўп қаватли уйларга ўрнатилаётган TEGH J-4 русумли ҳисобдонлар ташкил қилади.

Инсон омилини қисқартиришда қўл келувчи ақлли ҳисоблагичлар сим-карта ўрнатилган ҳолда истеъмолчига фойдаланишга топширилмоқда. Сим-картанинг асосий вазифаси ишлатилган табиий газ ҳажми ҳақидаги маълумотларни онлайн режимда марказий серверга узатиш ҳисобланади ва шу орқали маълумот биллинг тизимига автоматик равишда жойланади. Шундагина истеъмолчиларда тўлов маданияти ошиши билан бир қаторда тўлов тизимида шаффофликни юзага келтиради. Мазкур ҳисобдонлар етказиб берилаётган табиий газни аниқ ҳисоб-китоб қилиб боради ва истеъмолчида нореал қарздор бўлишини олдини олади. Шунингдек, ҳудуддаги барча хонадонларда бир меъёрда табиий газ бўлишини таъминлайди. Агар истеъмолчида табиий газдан қарздорлик юзага келса, автоматик тарзда аввало СМС-хабарнома юборилади. 3 кун ичида истеъмолчи қарздорликни бартараф этмаса, табиий газ таъминоти автоматик тарзда тўхтатилади. 

Филиалнинг 1600 дан ортиқ ходимлари томонидан аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш учун 5 675.56 км газ тармоқларига хизмат кўрсатилмоқда. Қувурларнинг 770.6 км юқори, 1561.8 км ўрта ҳамда 3343.17 км паст босимли газ қувурлари ҳисобланиб, 897.8 км ер остида қолган 4777.77 км ер устида жойлашган. Шунингдек, жами 4649 дона газ тақсимлаш қурилмалари ҳар йили бир марта техник тафтишдан ўтказилиб келинмоқда. Газ тақсимлаш қурилмаларининг 659 донаси юқори ҳамда 3990 донаси паст босимли ГТҚлар ҳисобланади.

Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер