Андижонда қурилиш сифати бўйича 5 мингга яқин камчиликлар аниқланди

14:02 23 Декабрь 2022 Жамият
625 0

Фото: Халқ сўзи

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 5 февралда қабул қилинган «Қурилиш-монтаж ишлари сифатини тубдан яхшилаш ва қурилишни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чоралари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Андижон вилоятида қатор ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг шу даврига қадар қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан вилоят шаҳар-туманларидаги 1 минг 673 та қурилиш объектида 6 минг 601 марта мониторинг тадбири ўтказилди. Афсуски, бу тадбирларда қурилиш сифати билан боғлиқ жами 4 минг 954 та камчилик аниқланди. Ўз навбатида бу камчиликларнинг 4 минг 634 таси жойида бартараф этилди. 317 та ҳолатда эса қурилиш қатнашчиларига нисбатан ҳуқуқий жавобгарлик чораси қўлланилди.

— Баъзи қурилиш ташкилотлари томонидан белгиланган меъёр талабларига риоя этмаслик ҳолатлари кузатилмоқда, — дейди Андижон вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси бўлим бошлиғи Акромжон Мухторов. — Масалан, айрим барпо этилаётган кўп қаватли турар жой биноларида юк кўтарувчи девор конструкциялари орасига тўр қўйишда лойиҳа талабларига риоя қилинмаган. Пойдеворнинг тупроқ билан туташган жойларидаги изоляциялар сифатсиз бажарилган. Уйларнинг том қисмидан тушган сув тарновлари пойдевордан қочирилмаган. Шўрланган деворларда қайта таъмирлаш ишлари амалга оширилмаган. Ички сувоқ сифатли бажарилмаган ва электромонтаж ишлари ҳам талаб даражасида эмас. Юқори қаватлардаги балконга чиқиш жойлари ва лифт шахталарига вақтинчалик ҳимоя тўсиқлари ўрнатилмаган.

Кузатилган бу каби камчиликлар юзасидан қурувчи ташкилотлар ўз вақтида огоҳлантирилгач, муаммолар барҳам топди. Бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун инспекция томонидан бунёдкорлик объектларида қурувчилар ўртасида тушунтириш ишлари давом эттирилмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер