Андижонда ўқитувчилар ўз ҳисобидан таътилга чиқишга мажбурланмоқдами? — ХТБ муносабат билдирди
Жорий йилнинг 14 апрель куни ижтимоий тармоқларда орқали Андижон шаҳрида “Ўқитувчилар ўз ҳисобидан таътилга чиқишга мажбурланмоқда” мавзусида хабар тарқалди. Валоят халқ таълими бошқармаси шу бўйича муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Андижон шаҳридаги умумтаълим мактабларининг ўқитувчилари номидан ижтимоий тармоқларда ёритилган мурожаат юзасидан, вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш давомида, Андижон шаҳар халқ таълими бўлими томонидан мактаб директорларига топшириқлар берилмаганлиги ва ўқитувчилардан мажбурий тарзда ариза ёздириб олинмаганлиги аниқланди.
Шунингдек, ўқитувчиларни йиллик меҳнат таътилига ҳамда ўз ҳисобидан таътилга чиқариш шаҳар халқ таълими бўлимининг ваколатига кирмайди.
Бугунги кунда умумтаълим мактабларида ўқув йилининг IV чораги учун режалаштирилган дарс машғулотларини масофавий видеодарслар шаклида ташкил этилганлиги сабабли, ўқитувчиларнинг иш фаолиятини масофавий тарзда (иш ҳақи сақланган ҳолда) давом эттиришмоқда.
Карантин даврида 3 ёшга тўлмаган фарзанди бор аёллар, 60 ёшдан ошган ва ихтиёрий равишда меҳнат таътилига чиқишни истаган халқ таълими ходимлари иш ҳақлари сақланган ҳолда меҳнат таътилига чиқарилган.
Юқоридагиларга асосан Андижон шаҳар халқ таълими бўлими босими остида ўқитувчилардан “ўз хоҳишимга асосан ўз ҳисобимдан меҳнат таътилига чиқаришингизни сўрайман” мазмунидаги ариза ёздириляпти деган важлар ўз тасдиғини топмади.
"Ушбу мавзуда аввал ҳам мақола эълон қилинган эди, лекин мақоладаги ҳолатлар тасдиқланмаган.
Ҳурматли устозлар, агар сизда шундай ҳолатлар учраса қуйидаги ишонч телефонига ҳамда телеграм бот канали орқали мурожаат қилишингиз мумкин. Шахсингизни сир сақланиши кафолатланади.
Ишонч телефони: (74) 228 26 76
Бот орқали мурожаат: @ANDIJONVXTB_QABULXONA_BOT" дейилади Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати хабарида.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг