Андижонда оммавий сайёр қабуллар бошланди

21:51 11 Май 2022 Жамият
741 0

Фото: Халқ сўзи

Андижон шаҳрида Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида республика ишчи гуруҳининг оммавий сайёр қабули бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот тизимини такомиллаштириш, фуқаролар муаммолари билан ишлашни самарали ташкил этиш, ҳудудларда ечимини кутаётган масалаларни жойида ва тезкорлик билан ҳал қилиш мақсадида ўтказилган ушбу тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, секторлар, ҳудудий ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Қабул давомида Олтинкўл, Пахтаобод, Андижон туманлари ҳамда Андижон шаҳри фуқаролари ўзларини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан мутасаддиларга юзланди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, аввалги йилларда бундай қабулларда аҳоли асосан шахсий масалалар бўйича мурожаат қилган бўлсалар, эндиликда жамоатчиликда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда эътироз пайдо қилаётган ҳолатлар ҳам ўртага ташланмоқда. Бу эса фуқароларимизнинг ижтимоий фаоллиги ортиб бораётганидан далолат беради.

— Андижон туманидаги Хакан қишлоғида электр таъминоти сифатини яхшилаш таклифи билан келдик, — дейди мурожаатчиликлардан бири Салимжон Хўжамов. — Бу борада ҳудудимизда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар ҳақида маълумот берилди. Энг муҳими, бизни қийнаб келаётган муаммо соҳа вакилларининг диққат-эътиборида эканини тушундик. Бу йилги куз-қиш мавсумини таъминотдаги узилишларсиз қарши олишимизга ишонтирдилар.

— Қиш келди, дегунча табиий газдаги узилишлардан юрагимизни ҳовучлаб ўтирамиз, — дейди Андижон шаҳридаги А. Фитрат кўчасида истиқомат қилувчи Санобархон Сотволдиева. — Суриштирсак, «Носозлик юзага келганлиги сабабли таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда», деган жавобни оламиз. Бугунги қабулда ўша носозликларни ёзги мавсумда амалга оширишларини сўраб, илтимос қилдик. Масъулларнинг айтишича, вилоятимизда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари аллақачон бошлаб юборилган.

— Йилдан-йилга сув таъминотига доир мурожаатлар сони камайиб бормоқда, — дейди «Андижон сув таъминоти» МЧЖнинг Андижон шаҳар филиали раҳбари Валишер Худоёров. — Бундан уч-тўрт йил олдин бу масалада ўнлаб мурожаатлар қабул қилган бўлсак, бугун атиги иккита мурожаат келиб тушди. Бу жойларда соҳага оид масалалар ўз вақтида ижобий ечим топаётгани ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, уларга сифатли хизмат кўрсатиш самарадорлиги ортаётганини тасдиқлайди.

Андижон вилояти бўйлаб оммавий сайёр қабуллар уч кун давом этади.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер