Андижонда хотин-қизлар нега намойиш уюштирмоқчи бўлди?

19:49 11 Декабрь 2020 Жамият
2744 0

Сурат ижтимоий тармоқлардан олинди

Республикамизда куз-қиш мавсуми бошқа фаслларга нисбатан бесаранжом ўтади. Бунга табиатдаги инжиқликлар билан бир қаторда аҳоли турмуш шароитидаги муаммолар ҳам сабаб бўляпти. Тан олиш керак, юртдошларимиз айниқса, электр энергияси ва табиий газ таъминотидаги узилишлардан эътироздалар. Бу эса табиийки, турли кўринишлардаги норозиликларни юзага келтирмоқда. Шу йилнинг 10 декабрь куни кечки соат 19:20 да Андижон шаҳрининг «Ҳамдўстлик» МФЙда истиқомат қилувчи бир гуруҳ хотин-қизлар ҳам вилоят марказидаги энг гавжум ҳудудлардан бири бўлган «Ўзбекистон» кўчаси  билан «Бобур» шоҳкўчалари кесишмасидаги йўлнинг қатнов қисмини тўсишга уриндилар. Воқеа жойига вилоят ҳокимининг ўринбосари Иброҳимжон Холматов билан Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаровлар етиб келди. Аҳолининг электр энергияси ва табиий газдаги узилишлардан бўлган эътирозлари шу вақтнинг ўзида мутасадди идоралар - “Hududgaz Andijon” газ таъминоти филиали ва “Андижон ҲЭТК" АЖ масъул ходимлари иштирокида ўрганилди. Хўш, мутасаддилар вазиятга қандай баҳо берадилар?

Электр энергиясидаги узилишларга ортиқча истеъмол харажати сабаб бўлган

«Андижон ҲЭТК» АЖнинг маълум қилишича, ушбу ҳудудда табиий газ таъминотидаги узилишлар сабаб аҳоли уйни иситиш ва бошқа эҳтиёжлар учун электр энергиясидан фойдалана бошлаган. Меъёрдан ортиқча харажат  «Ташкилот» электр узатиш тармоғига уланган 255-сонли трансформатор пунктининг 0,4 кВли ҳаво тармоғининг «С» фазасида фавқулодда узилиш ҳолатига сабаб бўлган. Натижада 10 та хонадон электр таъминотисиз қолган. Шу куни кечки соат 21:00 да носозлик бартараф этилиб, аҳолига электр энергияси етказиб берила бошланган.

Носозликни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда

Бўлиб ўтган воқеа юзасидан “Hududgaz Andijon” газ таъминоти филиали ҳам муносабат билдирди. Жумладан, унда шундай дейилади: “Шу кунларда Андижон вилоятидаги аҳоли пунктларини табиий газ билан таъминлашда босимнинг кескин пасайиши кузатилмоқда. «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан тақдим этилган фоксограмма маълумотига кўра, «Янгиер» компрессор станциясидаги авария ҳолатлари туфайли  Фарғона водийсига газ келтирувчи магистраль газ қувурларида босим пасайиши кузатилган. Шунга кўра, Андижон вилояти, хусусан Андижон шаҳрининг «Ҳамдўстлик» МФЙ ҳудудида ҳам газ таъминотида узилишлар юзага келган.

Шунингдек, «Кўмакай» газ тақсимлаш шохобчасидаги «Андижон-1» тармоғининг табиий газ етказиб берувчи қувурларида табиий газ босими 17-20 кг/см²дан 3 кг/см² атмосферага қадар пасайиши натижасида 1,5 мингдан зиёд аҳоли хонадонларининг газ таъминотида ҳам қийинчиликлар вужудга келди. Айни вақтда, аҳоли пунктларидаги газ таъминотини тиклаш ишлари олиб борилмоқда”

Мутасадди идоралар фавқулодда вазиятларга нечоғлик тайёр?

Тан олиш керак, ҳамма нарса ҳам биз ўйлаган, режалаштиргандек амалга ошавермайди. Айниқса, табиат билан боғлиқ масалаларда ҳукм чиқаришга ҳаққимиз ҳам йўқ. Чунки, бу борада фавқулодда вазиятлар ҳар қандай тайёргарликни саросимага солиб қўяди. Шундай экан, мутасадди идоралар бундай вазиятларга нечоғли тайёрлар?

– Фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва юзага келган вазиятни бартараф этиш учун  захира қурилмаларимиз мавжуд,-дейди «Андижон ҲЭТК» АЖ Матбуот хизмати раҳбари Шахнозахон Ҳамидова. – Бунинг учун кечаю кундуз фаолият юритадиган 32 та махсус бригадалар ташкил этилган. Уларнинг таркибига  27 та махсус техникалар билан жиҳозланган транспорт воситалари бириктирилган. Тан олиш керак, бу йил республикамизда, хусусан, Андижон вилоятида иқлимнинг совиб кетиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб 1,5 бараварга ортди. Ўтган  йилнинг 10 декабрь ҳолатига  156 млн 727 минг.кВт* соат  электр энергияси етказиб берган бўлсак, бу йилга келиб ушбу кўрсаткич   169  млн 69  минг.кВт* соатга ошди. 2019 йилнинг 10 декабрь куни бир суткада  15 млн 468 минг  киловатт/соат электр энергия олган бўлсак, бу йил бу миқдор 17 млн 288 минг. кВт/соатни ташкил этди.

Тан олиш керак, кейинги йилларда аҳолининг табиий газдан кўра электр энергиясига бўлган талаби кун сари ортиб бормоқда. Аслини олганда, электр энергиясидан хоналарни ёритиш, зарур мосламаларни, масалан, дазмол, компьютерни ишлатиш мақсадида фойдаланиш кўзда тутилган. Бироқ, аҳоли томонидан уйларни иситиш учун кондиционерлардан, пол ости иссиқлик манбаидан ва бошқа иситиш мосламаларидан ҳам фойдаланилмоқда. Бу эса табиийки, юқори кучланишни юзага келтириб, мавжуд трансформатор ва электр тармоқларидаги носозликларга сабаб бўлмоқда.

Намойишларнинг ҳам ўз тартиби бор

Аҳоли томонидан уюштириладиган намойишлар аксарият давлатларда бўлиб туради. Халқ ўз эътирозини митинг ташкил этиш, очлик эълон қилиш, ижтимоий тармоқларда муносабат билдириш орқали ифода этадилар. Бироқ, ҳеч бир давлатда бу ҳаракатлар бошқа кимсалар ҳаракатига халал бермайди. Ўзбекистонда, хусусан, Андижон вилоятида фуқароларнинг бу каби намойиши биринчи марта такрорланаётгани йўқ. Муқаддам вилоят ҳокимлиги биноси олдида автомобиллар ҳаракатига тўсқинлик қилишга уриниш ҳолати юзага келган бўлса  навбатдаги жараёнда ҳам Бобур шох кўчаси билан Ўзбекистон кўчаларидаги ҳаракатлар маълум вақт тўхтаб қолди.  Аҳолининг эътирози ўринли, лекин, уни талқин этишда хатолик юз берди. Фуқаролар юзага келган вазият борасида дастлаб тегишли идораларга мурожаат йўллашлари ҳам мумкин эди. Ва ҳоланки, намойиш уюштиришга уринишдан 10 дақиқа ўтибгина электр тармоқлари идорасига мурожаат йўлланди.

Хулоса

Кези келганда айтиш жоиз, республикамизда табиий газ ва электр энергиясидаги узилишлар бугун ёки кеча юзага келиб қолгани йўқ. Эсимизни танибмизки, шу муаммо ичида яшаяпмиз. Оталаримиз ўз даврида, гарчи, табиий газ тармоғига уланган бўлсаларда, кўмир захирасини яратганлар. Электр энергиясидаги узилишлар пайтида қўллаш мумкин бўлган воситалар ҳамиша тахт бўлган. Орадан йиллар ўтди. Шароит қанчалар яхшиланмасин эҳтиёж ҳам шунга яраша ортиб бормоқда. Соҳаларда эса муаммолар батамом хал этилгани йўқ.  Шундай экан, фуқаролар ҳам фавқулодда вазиятларга тайёр туришлари мақсадга мувофиқ бўларди.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи» 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер