Андижон вилоятида минглаб аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда

10:23 12 Январь 2026 Жамият
285 0

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ижтимоий фаровонлик, аҳоли саломатлиги ҳамда ҳудудларнинг барқарор ривожланишида муҳим омил ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, 2025 йилда Андижон вилоятида ушбу йўналишда салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 236 километр ичимлик суви тармоғи тортилди, 26 та сув иншооти барпо этилди ва 48 та янги сув қудуғи ишга туширилди.

Натижада 8 минг нафар аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланди, яна 12 минг нафар истеъмолчининг сув таъминоти сифати яхшиланди. Бу ҳақда «Андижон сув таъминоти» акциядорлик жамиятида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

— 2025 йилда амалга оширилган ишлар фақат қурилиш ишлари билан чекланиб қолмади, балки мавжуд тармоқлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди, — дейди акциядорлик жамияти директорининг ўринбосари Азизбек Йўлдошев. — Жумладан, вилоят бўйича 109 минг 238 та сув ҳисоблагич ўрнатилиб, аҳолининг ҳисоблагичлар билан қамраб олиниш даражаси 70 фоизга етказилди. Бу эса сув исрофини кескин камайтириш, шунингдек, истеъмолчилар учун тўловларни адолатли ҳисоблаш имконини яратди.

Маълум қилинишича, ушбу ислоҳотлар 2026 йилда янада кенг қамровли босқичга чиқади. Режаларга мувофиқ, ичимлик суви тармоқларини модернизация қилиш, янги маҳаллаларни марказлашган сув таъминотига улаш ҳамда ҳисобга олиш тизимини тўлиқ рақамлаштириш ишлари изчил давом эттирилади.

Шубҳасиз, белгиланган чора-тадбирлар аҳолини тоза ичимлик суви билан барқарор таъминлашни мустаҳкам асосга қўйишга хизмат қилади.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер