Андижон ва Фарғонада чегарадан психотроп ўтказмоқчи бўлган шахслар ушланди

10:38 12 Март 2026 Жамият
550 0

Видеодан кадр

Андижон ва Фарғона вилоятларида хориждан олиб келинган синтетик наркотик ва кучли таъсир қилувчи дори воситалари тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда олдиндан кузатувда бўлган, 2003 йилда Фарғона вилоятида туғилган, Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро бошқарувидаги «Nexia-3» автотранспорт воситаси Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳудудидан пойтахт томон ҳаракатланиб келган вақтида Чилонзор туманидаги «Эркин» ЙПХ масканида тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Натижада, автомашина салонида соф оғирлиги 4 килограмм 811 граммни ташкил қилувчи «Alfa PVP» синтетик наркотик моддаси борлиги маълум бўлди ва ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда ДХХ Тергов бошқармаси томонидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.

ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса, «ўзбек-қирғиз» давлат чегарасининг Андижон вилояти Марҳамат тумани «Бобоҳуросон» МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмида қирғизистонлик шахс чегара сим тўсиқлари устидан улоқтирган 1 дона қоғоз қутини қабул қилиб олган вақтларида 1985 ва 1987 йилларда туғилган 2 нафар маҳаллий фуқаро ушланган.

Ушбу қоғоз қути холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг ичида 9988 дона «Зардекс» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги маълум бўлган.

Ҳозирда ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер