Андишани унутмаяпмизми?
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Дунёга машҳур адиб Чингиз Айтматов табиатни асраш борасида куйинчаклик билан «Ҳар бир дарахт, зилол сувли ариқ бошига биттадан назоратчи қўйишнинг имкони йўқ. Табиатга дахлдорлик, табиат неъматларини асрашга бўлган қоровуллик туйғуси қалбимизда бўлиши зарур», дея ёзганди.
Дарҳақиқат, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий бойликларни келгуси авлодларга етказишда ҳар биримиз масъулмиз. Шу боис бундай тарбия ҳар бир оила, таълим муассасаси ва маҳаллада шакллантирилиши ҳамда бу борада доимий жамоатчилик назорати ўрнатилиши муҳим аҳамият касб этади.
Фарғона шаҳар марказидаги маданият кошонасида ўтказилган концерт дастуридан кейин ободонлаштириш соҳаси ходимлари йиғлагудек бўлади: дарахтлар ва гулларни сув билан таъминлайдиган ариқлар турли чиқиндилар билан тўлган, ўриндиқлар тагида егуликлар қолдиқлари қалашиб ётибди… Сўлим хиёбонда аёллар телесериал воқеалари, ижтимоий тармоқдаги шов-шувли хабарларни муҳокама қилиш билан банд, болалари гулзорни пайҳон қилаётганига эса эътибор ҳам бермайди.
Бежирим кийинган аёл кўчада фарзандига ширинлик олиб бериб, қоғозини ҳеч бир хижолатсиз ерга улоқтириб кетади. Ваҳоланки, икки қадам нарида чиқинди ташлашга мўлжалланган идиш ўрнатилган.
Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Гулноза Тўхтасинованинг маълум қилишича, жорий йилнинг олти ойида айнан табиатга беписанд муносабатда бўлишнинг олдини олиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда 2 минг 100 га яқин рейд ташкил этилиб, 2 минг 39 та ҳолатда ҳуқуқбузарликлар аниқланди.
Чиқиндиларни йиғиш, қайта ишлаш соҳасида 34 та тадбиркорлик субъекти фаолияти йўлга қўйилди. 18 та чиқинди полигонида жаҳон тажрибаси асосида босқичма-босқич қайта ишлаш корхоналари ташкил этиляпти. Айни пайтда йилига 11499,7 тонна чиқиндини қайта ишлаш имконияти мавжуд. Маиший ва қаттиқ чиқиндилар учун электрон тўлов тизими жорий этилган.
Таъкидлаш жоиз, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 29 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига кўра, истироҳат боғлари, хиёбонлар ва бозорларда жамоат тартибини сақлашни ташкил этиш бевосита Миллий гвардия зиммасига юкланган. Айни жараёнда табиат муҳофазаси бўйича экопатруллар фаолияти ҳам йўлга қўйилган.
Фарғона вилояти бўйича Миллий гвардия бошқармаси томонидан ҳудудларда экология ва атроф-муҳитга зарар етказишнинг олдини олиш ишлари доимий назоратда. Ҳозирда вилоят ИИБ, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда Миллий гвардия томонидан имзоланган қўшма қарорга асосан тузилган экопатрул гуруҳлари барча ҳудудларда фаолият олиб бормоқда. 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида бундай ҳолатлар юзасидан вилоятда 2,5 минг нафарга яқин фуқароларга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилди.
— Қувасой шаҳрининг «Гулистон» МФЙ ҳудудида ўтказилган тадбирда 3 нафар тадбиркор томонидан табиатга нисбатан бепарво муносабатда бўлиш ҳолатига барҳам берилди, — дейди Фарғона вилояти бўйича Миллий гвардия бошқармаси мутахассиси Шермуҳаммад Деҳқонов. — Тадбиркорлик субъектлари ҳудудида бир ой давомида йиғилиб қолган чиқиндилар ташиб кетилди, яшил майдонлар тозаланди. Тадбиркорлар бундай ҳолат яна такрорланса, жиддий чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Табиат – ҳаёт, тириклик манбаи. Шу маънода, табиатга отилган кичик бир кесак, харсангтош бўлиб қайтиб келиши, бошимизни ёришини унутмаслигимиз лозим. Дунёда юзага келган экологик муаммолар барчамизга табиат неъматларини авайлаб-асраш, табиатга меҳр кераклигини англатмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг