Амударё қирғоқларида экилган шолидан юқори ҳосил олинмоқда

19:03 09 Октябр 2023 Жамият
599 0

Фото: Халқ сўзи

Музработ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Амударё қирғоқлари бўйлаб 20 минг гектардан зиёд ерни босқичма-босқич фойдаланишга киритиш ишлари амалга оширилмоқда. Жорий йилда шундай унумдор ерлардан 4 минг гектар майдонда шоли экилди. Айни кунларда пишиб етилган шолининг ўрим-йиғим ишларига 60 та комбайн ва 200 га яқин юк ташиш техникалари жалб этилган. Жорий мавсумда “SCT cluster шоли” МЧЖ томонидан 20 минг тонна шоли етиштириш, 10 минг тоннадан ортиқ гуруч маҳсулотлари ишлаб чиқариш мўлжалланган.

— Шу йилнинг ўзида Амударё қирғоғидаги ер майдонларини экинга тайёрлаш, 60 километрга яқин ирригация тармоқларини тиклаш учун 80 млрд. сўм миқдорида маблағи сарфланди, — дейди “SCT cluster шоли” МЧЖ МЧЖнинг Музработ тумани бўйича иш бошқарувчиси Ҳалил Эгамбердиев. — Самарали меҳнат ўз натижасини бериб, ҳозирда гектаридан ўртача 55-60 центнер ҳосил олаяпмиз. Келгуси йили шоли етиштириладиган ерни янада кенгайтириб, ҳосилдорликни 70 центнерга етказиш ҳамда қўшимча янги иш ўрни яратиш ниятидамиз.

Шоли етиштириш ҳажмининг ортиши натижасида келгуси йилнинг май ойига қадар 7 млн. доллар қийматга эга ва Марказий Осиёда ягона бўлган шолини қайта ишловчи завод қурилиши бўйича амалий ҳаракатлар бошланган. Шунингдек, “SCT cluster шоли” МЧЖ томонидан 2024 йилда 3 та янги насос станцияси қурилиб, қўшимча ўзлаштириладиган 3 минг гектар ер майдонида кафолатланган сув таъминоти йўлга қўйилади. Натижада 2025 йилга бориб шоли экиладиган майдонлар 10 минг гектарга етказилади. Амударё қирғоғидаги ерларни ўзлаштиришга ирригация ва мелиорация ишлари учун 512 млрд. сўм миқдорида сармоя киритилади.

Илҳом Раҳматов, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер