Алимент қарздорликка барҳам беришда самарали амалиёт
Фото: Архив сурат
Бугун Мажбурий ижро бюроси органларига келиб тушаётган мурожаатларнинг қарийб 60 фоизини алимент билан боғлиқ масалалар ташкил этмоқда. Шуни ҳисобга олган ҳолда Президентимизнинг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ алимент пулларини ҳисоблаш ва тўлаш тартиб-таомиллари устидан қатъий назорат ўрнатилди. Жумладан, эндиликда босқичма-босқич ижро ҳужжатлари бўйича ундирувчи алимент олувчи номига тегишли банк картаси расмийлаштирилиб берилмоқда. Алимент маблағи ўз навбатида алоҳида банк ҳисоб варағи орқали ундирувчининг банк картасига ўтказилаётир.
Тўрақўрғон туманининг Янгиобод маҳалласида яшовчи Ойшахон ая Қўчқорованинг қизи айрим сабабларга кўра турмуш ўртоғидан ажрашди. Суднинг қарори билан унга икки нафар фарзанди учун алимент ундириш белгиланган. Ёлғиз она яқин вақтгача алимент пулларини нотариал идора орқали расмийлаштирилган ишончнома билан олиб келди. Энди эса бу маблағ ундирувчи номига очилган банк пластик картасига ўтказилмоқда.
— Авваллари ундирилган алимент маблағларини Бюронинг туман бўлимидан олиб кетардик. Махсус пластик карта берилгач, ишимиз осонлашди. 60 миллион сўм миқдоридаги алимент қарздорлик картага тушириб берилди, — дейди Ойшахон Қўчқорова.
Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Бюронинг Тўрақўрғон туман бўлими иш юритувида жами 2086 та алимент ҳужжатлари мавжуд. Жорий йилнинг 8 февралига қадар 1249 нафар ундирувчиларга банк пластик картаси очилди ва уларга 153.385.508 миллион сўм тўловлар ўтказилди.,
Қ. Нажмиддинов, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг