“Аксилкоррупция ойлиги” доирасида “Очиқ эшиклар” куни ўтказилди
Фото: “Халқ сўзи”
Навоий вилоятида Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши томонидан “Аксилкоррупция ойлиги” доирасида “Очиқ эшиклар” тадбири ўтказилди.
Унда кенгашнинг шуба мудири Феруз Ҳасанов маъруза қилиб, коррупцион муносабатларнинг юзага келиш тарихи, яқин-яқинларгача унга қарши курашишда турли идоралар ваколатларининг белгиланмаганлиги, ягона мақсадга қаратилган қонуннинг мавжуд эмаслиги мамлакатимизда ҳам бозор иқтисодиёти қонуниятларининг бузилиши, яширин иқтисодиётнинг пайдо бўлиши ва ривожланишига замин яратганлигини, бу эса ўз-ўзидан кенг жамоатчиликда ҳокимиятга бўлган ишончнинг сўниши, жамиятда ижтимоий-ҳуқуқий қадриятларнинг бузилиши, давлат бюджетининг тўғри тақсимланиши ва тасарруф этилишига олиб келганлигини таъкидлади.
— Шундай шароитда 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниб, илк бор мамлакатнинг энг юқори минбаридан жамиятни “ҳалоллик вакцинаси билан эмлаш” зарурияти тан олинди, — деди Ф. Ҳасанов. — Шу асосда мамлакатимизда Коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилиб, коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021–2022 йилларга мўлжалланган Давлат дастури қабул қилиниб, унга кўра 44 та чора-тадбир асосида ижро муддатлари, масъул ижрочилар, ижро механизми аниқ белгилаб қўйилди.
Тадбирда вилоятда жорий йил бошидан буён коррупцион ҳолатлар туфайли 43,1 миллиард сўм зарар етказилиб, ушбу маблағнинг 29,2 миллиард сўми ундирилишига эришилгани, 298 та коррупцион жиноятлар рўйхатга олиниб, 157 та жиноят ишлари бўйича 250 нафарга яқин шахснинг жавобгарликка тортилганлиги очиқланди.
Шунингдек, тадбирда коррупцияга қарши муросасиз муҳитни яратишда жамоатчилик, айниқса ОАВ вакилларининг иштирокига алоҳида эътибор қаратилди.
— Коррупцияга қарши курашиш, уни бартараф этиш давлатнинг иши дегувчилар қаттиқ янглишади, — деди вилоят АОКА бошқармаси бошлиғи Дилшод Мамаражабов. — Боиси иқтисодиётни янада жадал юксалтириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этишда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилиши аҳолининг муросасизлиги билан чамбарчас боғлиқ. Бунда ОАВ ўрнини ҳеч бир манба тўлдира олмайди.
Тадбирда шу мақсад йўлида бирлашиш, ҳамжиҳат ва ҳамфикрликда фаол бўлиш юзасидан тавсиялар берилди.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг