Ахсикент ўзбек—корейс дўстлигини мустаҳкамламоқда
Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Ахсикентнинг Кореядаги қадимий Шилла давлати билан алоқалари икки минг йиллик тарихга эга. Кўҳна шаҳар харобаларидаги археологик топилмалар буни исботламоқда.
Иншоот ва биноларни пол тагидан иситиш тизимлари бундан бир ярим минг йил аввал Кореяда қўлланилган. Ўтган ойдаги қазишмалар чоғида Ахсикент археология паркидаги бир неча объектларда ҳам шундай тизимлар топилди.

— Бугун Ахсида кўҳна тарих билан тўқнашдик. Бу ерда ўзбек-корейс алоқаларига оид артефактларни кўриб, ҳайратландик, — деганди ташрифларнинг бирида Кёнгсан шаҳри ҳокими ўринбосари Ли Канг Хак. — Тарихни эъзозлаган миллатнинг келажаги буюкдир. Ахсикент мисолида Наманганда амалга оширилаётган ишлар биз учун ҳам ибрат.

Таъкидлаш лозимки, Ахсикентда барпо этилаётган очиқ осмон остидаги музейлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Айни пайтда Жанубий Корея мутахассислари билан янги барпо этилаётган музейларни рақамлаштириш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган. Koica жамғармаси маблағлари ҳисобига Янги Ахси мажмуасидаги илмий-қўлёзмалар марказига қадимги китобларни сақлаш бўйича техник жиҳозлар олиб келиш лойиҳаси тайёрланмоқда. Шу пайтга қадар Жанубий Кореядан Ахсикентга ташриф буюрган сайёҳларнинг сони эса минг нафардан ошиб кетди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг