Ахлоқсизлик касб танламайди — ССВ ижтимоий тармоқларда ахлоқсизлик ортидан танилган тиббиёт ходимига муносабат билдирди

15:57 28 Февраль 2022 Жамият
1613 0

Фото: ССВ матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқларда Навоий вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази Неврология бўлими мудири билан боғлиқ ҳолат ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.

Бўлим мудири Р.Р. тиббиёт ходими номига нолойиқ хатти-ҳаракатларни содир этиб, бўлимда муолажа олган иккинчи гуруҳ ногирони Г.И.нинг онаси Т.Л.га фарзандининг даволанганлиги бўйича касаллик варақаси(кўчирма)ни бир ярим ой давомида бермасдан келгани, шунингдек, уни жинсий алоқа қилишга мажбурлагани ҳақида айтилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги касб ва тоифа танламайдиган ахлоқсизликлар тиббиёт ходимлари орасида ҳам кузатилишини оқ халатга тушган доғ деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, бу каби иллатларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлади.

Қолаверса, тиббиёт ходимларининг қадр-қиммати ва инсонлик шаъни оёқости қилинишига қарши туради. Шу сабабдан ҳам бундай ҳолатларда ҳодисанинг асл моҳияти аниқлаштирилгач, якуний хулосага келиш мақсадга мувофиқ.

Айни пайтда воқеа юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

Шу билан бирга, жамоада одоб-ахлоқ қоидаларини назорат қилишда сусткашликка йўл қўйганлиги ва қўл остидаги ходимлари устидан етарли назорат ўрнатмагани учун марказ директори Ш.Худайбердиев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Ўз навбатида, вазирликнинг Комплаенс, ички аудит ва молиявий назорат хизматига тегишли тартибда текширув ўтказиш бўйича топшириқ берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер