Ахлат: экологияга таъсири, назорат усуллари

15:31 03 Июль 2024 Жамият
390 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Дунё миқёсида чиқиндилар муаммоси энг долзарб экологик масалалардан бири ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам атроф-муҳитни тоза тутиш мақсадида чиқинди ташлаш учун махсус урналар ўрнатилган. Лекин чиқиндиларни дуч келган жойда ташлаш одатга айланиб қолган.

Самарқанд вилоятида кучайтирилган рейд назорати тадбирлари жараёнида маҳаллий аҳоли томонидан бир неча ҳудудларда маиший ва қурилиш чиқиндиларини келтириб ташлаши оқибатида ҳосил бўлган ноқонуний чиқиндихоналар аниқланди.

— Бугунги кунда Самарқанд шаҳри ва туманида чиқиндини олиб кетиш билан «Мароқанд обод» ташкилоти шуғулланса, ўнга яқин туманда «Тоза ҳудуд» ўз фаолиятини кўрсатади, — дейди «Мароқанд обод» давлат унитар корхонаси ижрочи директори Отажон Абдинаров. — Вилоят бўйича 300 дан зиёд чиқинди ташиш техникаси мавжуд. Белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш 340 минг сўмдан 17 миллион сўмгача жаримага тортилади. Ўтган йили 2 мингга яқин шундай ҳолат аниқланиб, ҳуқуқбузарлар жаримага тортилди.

Бугунги кунда йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини фото ва видео қайд этиш воситаларини ўрнатган тадбиркорларга экологик ҳуқуқбузарликларни ҳам қайд этишга рухсат берилган. Бунда уларга жарима шаклида ундирилган маблағларнинг 20 фоизи тўланади. Белгиланмаган жойларга чиқинди ташланишининг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳрида онлайн камералар жойлаштирилмоқда. Йил охиригача камералар сони 100 тага етказилади.

— Бу камераларнинг юқори қисми 180 даража, паст қисми 360 даражани тасвирга олади, — деди вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бўлим бошлиғи Акмал Қўшбоев. — Шунингдек, 1 километр масофагача шахсни аниқлаш имконияти бор. 3 километргача ҳаракат тизимини кўрсатиб бера олади. Мазкур камералар доимий назорат қилиб борилади.

Нима бўлганда ҳам, ҳар биримиз атроф-муҳитга муносабатни ўзгартиришни ўзимиздан бошламасак, ҳар қандай назорат натижа бермаслиги аниқ. Ҳурматли юртдошлар атроф-муҳит муҳофазасига, унинг орасталигига барчамиз бирдек масъулмиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер