Айрим давлат хизматлари хусусий секторга ўтказилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 февралдаги ПҚ-78-сон қарорига асосан Давлат хизматларини соддалаштириш ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 2025 йил 1 июлдан 11 та давлат хизматлари хусусий секторга ўтказилади. Бу ҳақида «Адлия янгиликлари» каналида маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, эндиликда, риэлторларнинг малака имтиҳонларини ўтказиш ва уларга малака сертификати бериш, баҳоловчиларнинг малака имтиҳонларини ўтказиш ва уларга малака сертификати бериш, суд бошқарувчиси малака аттестациясини бериш, баҳоловчиларга тоифалар бериш, гид (гид-таржимон), экскурсия етакчиси ва йўриқчи-йўл бошловчиларга малака сертификатини бериш ҳамда тиббиёт ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш хизматлари жамоат бирлашмалари ёки уюшмалар томонидан кўрсатилади.
Шунингдек, ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш, карантин остидаги маҳсулотларни зарарсизлантириш, кичик ҳажмдаги нотурар бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш жараёнини назорат қилиш, якка тартибдаги уй-жойларнинг қурилиши ҳамда реконструкция қилиш ишларини назоратдан ўтказиш ҳамда «М» ва «Н» тоифалардаги ғилдиракли янги транспорт воситаларининг экологик тоифа талабларига мувофиқлигини сертификатлаш хизматлари аккредитациядан ўтган тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатилиши белгиланган.
«Давлат хизматлари борган сари қулай ва яқин бўлиши учун ислоҳотлар давом этади. Барчаси хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва рақобат муҳитини яратишга хизмат қилади», — дейилади хабарда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг