Аҳолини даромадга йўналтиришда самарали тажриба

12:25 04 Июль 2022 Жамият
552 0

Фото: Халқ сўзи

Андижон вилоятида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида деҳқончилик қилиб маблағ топиши учун 10 сотихдан ер ажратиш амалиёти кутилган натижани бермоқда. Буни Қўрғонтепа туманида яшовчи Дилмурод Исроилов оиласи мисолида ҳам кўриш мумкин.

— Эрта баҳорда ажратиб берилган 10 сотих жой ер ёнғоқ экдик, —дейди Д. Исроилов. — Унинг ривожи 300-350 кг ҳосил олишимдан дарак бермоқда. 1 кг ер ёнғоқнинг бозордаги нархи 22-25 минг сўм эканлигини ҳисобга олсак, сотувгача бўлган харажатлардан ташқари 6 миллион сўм соф фойда олишни режалаштирганман. Қолаверса, ер ёнғоқнинг пояси чорвачиликда яхши озуқа ҳисобланади. Бу менга қўшимча даромад беради. Иккинчи ҳосил ўрнида картошка экмоқчиман. Тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, 10 сотих майдондан 2,5-3 тоннагача картошка олиш мумкин. Маҳаллий бозорда бу миқдордаги ҳосилни 11 миллион сўмга сотса бўлади. Демак, астойдил ҳаракат қилсам, 10 сотих майдондан бир йилда 20 миллион сўмдан ортиқ даромад кўтараман.

Ўтган йили Андижон вилоятида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»да турувчи аҳоли вакиллари учун жами 3 минг гектар экин майдони ажратиб берилди. Унда 30 минг нафар ҳамюртларимиз деҳқончилик қилиб, оилавий таъминотини мустаҳкамладилар. Бу йил уларнинг сони 45 минг нафарга етди ва ер майдони ҳажми 1,5 минг гектарга ортди. Бу эҳтиёжманд оилалар сони йилдан-йилга камайиб бораётганидан далолат беради.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер