Афғонистонлик тадбиркор Наманганда транспорт логистикаси йўналишига сармоя киритиш ҳаракатида

11:27 07 Апрель 2026 Жамият
176 0

Наманган вилоятининг хорижий давлатлар билан иқтисодий алоқалари рўйхатидан Афғонистон Республикаси ҳам мустаҳкам ўрин олмоқда. Бу борадаги ҳаракатлар вилоят делегациясининг ўтган ой охирида қўшни давлатга хизмат сафари чоғида амалий тус олди. Айниқса, Қобул ва Мозори Шарифда ташкил этилган бизнес форумлар ҳамда икки ҳудуд тадбиркорлари ўртасидаги учрашувлар натижадорлик касб этиб, умумий қийматда 621,3 млн долларлик 27 та келишув имзоланди. Ўша кунлари «Golden egg of Namangan» корхонаси томонидан Мозори Шариф шаҳрида «Ibrаhim Mansoor» компанияси билан ҳамкорликдаги йирик инвестицион лойиҳага старт берилди.

Афғонистонлик ҳамкорлар ҳам ўз навбатида инвестициявий ҳамкорлик доирасида куни кеча Наманганга келди.Улардан бири — йирик тадбиркор Мансоор Секандер транспорт логистикаси йўналишида фаолият юритиш учун гуллар шаҳрида қўшма корхона ташкил этишни мақсад қилган. Хорижлик ишбилармон вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовга ўзининг ушбу йўналишдаги лойиҳасини тақдим этди.

Мулоқотда вилоятнинг қўшни Қирғиз ҳамда Тожикистон Республикалари билан чегара-божхона масканлари барқарор фаолият кўрсатаётгани, Наманган ушбу йўналишда муҳим аҳамиятга эга локацияда жойлашгани қайд этилди. Хитой халқ Республикаси ҳамда Россия Федерациясидан Афғонистонга олиб келинаётган юкларни ташиш учун ҳам бу ҳудуд қулай ҳисобланади.

Мансоор Секандернинг лойиҳасига кўра, дастлаб 50 та, кейин бир йил ичида умумий ҳисобда 1000 та оғир юк ташувчи транспорт воситалари ушбу логистика хизматидан фойдаланади. Ўзаро мулоқот пайтида Наманган-Афғонистон тадбиркорлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришнинг бошқа имкониятлари юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер