Афғонистон Покистоннинг Қобулга берган зарбаси натижасида 400 киши ҳалок бўлганини маълум қилди
Афғонистон ҳукумати Покистоннинг Қобулдаги наркология шифохонасига берган зарбаси оқибатида 400 киши ҳалок бўлганини билдирди. Бу ҳақда, Tolo News телеканалига таяниб, Афғонистон ҳукумати вакили Ҳамдулла Фитрат маълум қилди.
Унинг маълумотларига кўра, жароҳатланганлар сони 250 кишига етган.
Зарба 16 март куни кундузи берилган. Покистон шифохонага ҳужум қилганлик ҳақидаги айбловларни рад этди ва ўз зарбалари фуқаролик объектларига тегмаганини даъво қилмоқда. Маҳаллий телеканаллар вайрон бўлган бино қолдиқлари остидан ҳалок бўлганларнинг жасадлари олиб чиқилаётгани акс этган видеолавҳаларни эълон қилди, деб хабар бермоқда CNN.
Покистон ва Афғонистон ўртасидаги можаронинг кескинлашуви 2026 йилнинг февраль ойида бошланган эди. Покистон Мудофаа вазирлиги мамлакат 2021 йилдан бери Афғонистонни бошқариб келаётган Толибонга қарши «очиқ уруш»га киришаётганини ва минтақада фаолият юритаётган террорчи гуруҳлар лагерларига зарбалар бераётганини маълум қилган эди.
Покистон томони бу ҳаракатларни февраль ойида Исломободда, шунингдек, мамлакат шимоли-ғарбидаги Бажаур округи ва Банну шаҳрида содир этилган терактларга жавоб деб атаган. Ўз навбатида, Толибон ва Афғонистон ҳукумати вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид Покистон Ҳарбий-ҳаво кучларининг ҳаракатларига жавобан Афғонистон қуролли кучлари чегара бўйлаб Покистон постларига ҳужум қилишини эълон қилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг